Ўзбекистон | 11:55 / 17.01.2023
5267
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда «Тез ёрдам»га энг кўп мурожаатлар келиб тушган ҳудудлар маълум қилинди

2022 йил «Тез ёрдам»га қанча чақириқ келиб тушди?

Фото: Kun.uz

Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Тез ёрдам»га мурожаатлар бўйича 2022 йилги статистикани келтирди.

«Бахтсиз ҳодисалар кутилмаганда рўй беради. Бундай оғир вазиятда беморлар ҳаётини сақлаб қолишда ҳар дақиқа ва сониянинг қадри олтинга тенг. Бундай ҳолатда, аввало, «Тез ёрдам» ходимлари киши жонига ора киради. Айнан ушбу соҳа фидойиларининг беминнат кўмаги билан касаллик хуружи ёки оғир жароҳат асоратларидан тезда халос бўламиз.

Бугун юртимизда шаклланган тез тиббий ёрдам хизмати аҳолига сифатли ва замон талабларига мос хизмат кўрсатиш имконини бермоқда. Соҳадаги ўзгаришлар мазкур тизимни халққа янада яқинлаштирмоқда. Буни мурожаатлар сонидан ҳам билиш мумкин», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Республика тез тиббий ёрдам маркази бош директори Абдувоитжон Гафуровнинг маълум қилишича, ўтган йил мамлакатимиз бўйича «Тез ёрдам»га жами 13 миллион 22 минг 162 та чақириқ келиб тушди.

«Натижада ҳар 1 000 нафар аҳолига ўртача 366 та мурожаат тўғри келди. Шундан 1 миллион 180 минг 416 нафар бемор шифохоналарга госпитализация қилинди», дейди у.

Энг кўп мурожаатлар:

  • Фарғона вилоятида 1 520 448 та (11,67 фоиз), 
  • Андижон вилоятида 1 415 023 та (10,87 фоиз), 
  • Тошкент шаҳрида 1 280 242 та (9,83 фоиз), 
  • Тошкент вилоятида 1 262 187 та (9,69 фоиз),
  • Наманган вилоятида 1 227 318 та (9,42 фоиз) қайд этилган.

Таққослаш учун, 2021 йил аҳолидан тез тиббий ёрдам хизматига жами 12 миллион 590 минг 250 та чақириқ келиб тушган эди.

Мавзуга оид