Ўзбекистон | 10:22 / 17.01.2023
2455
3 дақиқада ўқилади

Давлат харидлари соҳасида инсофсиз ижрочилар ягона реестри шакллантирилади

Иқтисодиёт ва молия вазирининг «Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Низом «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ давлат харидлари жараёнида Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш, реестрга давлат харидлари ижрочиларни киритиш ва ундан чиқариш тартибини белгилайди.

Иштирокчи, ғолиб ёки ижрочи реестрга ваколатли орган томонидан: тегишли суднинг қарорига; давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарорига; ваколатли органнинг хулосасига асосан киритилади.

Аризачи низомда белгиланган ҳолларда ваколатли органга иштирокчи, ғолиб ёки ижрочини реестрга киритиш юзасидан мурожаат қилиши мумкин.

Ваколатли орган ҳар чорак якунига кўра давлат харидларининг электрон тизими маълумотларидан фойдаланган ҳолда ҳамда давлат харидлари жараёнларини таҳлил қилиш орқали келтирилган маълумотлар аниқланганда, ушбу маълумотлар асосида харид қилиш тартиб-таомилларининг ғолиби, иштирокчиси ёки ижрочисини реестрга киритади.

Инсофсиз ижрочи реестрга икки йил муддатга киритилади ва бу муддат тугаганидан кейин ижрочи реестрдан чиқарилган ҳисобланади.

Реестрга киритилган инсофсиз ижрочи икки йил давомида давлат харидларида иштирок этиши тақиқланади. Белгиланган тартибда муддатидан аввал реестрдан чиқарилган ҳоллар бундан мустасно.

Реестрга киритилган инсофсиз ижрочи билан давлат харидлари тўғрисидаги шартномани тузганлиги учун давлат буюртмачиси жавобгар ҳисобланади.

Реестр ваколатли орган томонидан махсус ахборот порталида юритиладиган ахборот ресурсидир.

Реестрдаги маълумотлар барча учун очиқ бўлиб, фойдаланувчилар улардан эркин ва бепул танишиб чиқиши ва фойдаланиши мумкин.

Реестрда инсофсиз ижрочи тўғрисидаги қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

  • юридик шахснинг номи, фирма номи (агар мавжуд бўлса), жойлашган ери (почта манзили);
  • жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;
  • СТИР (юридик шахслар учун), ЖШШИР (жисмоний шахслар учун);
  • тегишли суднинг, давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг қарори ёки ваколатли органнинг хулосаси тўғрисидаги маълумотлар;
  • реестрга киритиш санаси ва асоси;
  • реестрдан чиқариш санаси ва асоси.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид