Жаҳон | 19:40 / 23.01.2023
30685
4 дақиқада ўқилади

Украина армиясида можаро: журналист ҳарбийлар учун озиқ-овқат 2-3 баравар қимматга сотиб олинганини айтмоқда

Фото: Leah Millis / Reuters / Scanpix / LETA

Украиналик журналист Юрий Николов мамлакат армияси ҳарбийлар учун озиқ-овқат маҳсулотларини Киевдаги дўконлардагига қараганда 2-3 баравар қимматга сотиб олаётгани ҳақида суриштирув эълон қилди. «Наши денги» (бизнинг пуллар) лойиҳаси муаллифининг бу суриштируви шов-шувга сабаб бўлди.

358 миллион долларлик шартнома

21 январ куни журналист «Зеркало недели» сайтида Украина қуролли кучларидаги манбасидан олганини айтган ҳужжатларни эълон қилди. Унда 2023 йил учун Украинанинг Киев, Житомир, Черниҳив, Черкасс, Суми ва Полтава областларидаги ҳарбий қисмлари учун сотиб олинган маҳсулотлар ва уларнинг нархи келтирилган. Унда айтилишича, 13,16 миллиард гривналик (358 миллион доллар) шартнома 23 декабр куни имзоланган.

Журналист ҳужжатдаги нархларни Киевдаги «Силпо» дўконидаги нархлар билан таққослаган. Масалан, бу дўконда тухумнинг бир донаси 7 гривнага сотилаётган бир вақтда Украина қуролли кучлари тузгани айтилаётган ҳужжатда тухумнинг донаси 17 гривнадан (5200 сўм) сотиб олиниши белгиланган. Юқоридаги дўконда килоси 8 гривна турган картошка ҳужжатда 22 гривна, дўконда килоси 80 гривнага баҳоланган товуқ оёқчалари шартномада 120 гривнадан кўрсатилган.

«Биз ҳали тадбиркор ўз фойдасини қўшган чакана савдодаги нарх билан солиштирдик. Улгуржи нархлар бундан ҳам пастроқ. Ҳужжатни кўрганлар маҳсулотлар ва хизматлар деган жойини кўриб, бу хизматлар ҳам қўшилган нархдир деб ўйлаётган бўлиши мумкин, лекин ундай эмас. Шартномада хизмат кўрсатиш учун алоҳида 30 миллион гривналик банд ҳам бор», дейилади суриштирувда.

Тарқалган ҳужжатни Украина мудофаа вазирлиги давлат харидлари департаменти раҳбари Богдан Хмелницкий имзолаган. Бу инсон аввалроқ ҳам ҳарбий амуниция сотиб олишда 580 минг долларни талон-торож қилишда гумонланган.

Расмийлар нима деди?

Украина парламентининг Миллий хавфсизлик, мудофаа ва разведка қўмитаси вакили Маряна Безуглаянинг айтишича, бу ҳолат бўйича давлат аудит хизмати Мудофаа вазирлигини текширишни бошлаган. Украина мудофаа вазири Алексей Резников эса Радага чақирилган.

22 январ куни Украина мудофаа вазирлиги ушбу суриштирувга аниқ инкор этувчи фактлар келтирмаган ҳолда жавоб қайтарди ва бундай суриштирувлар «одамларни чалғитиши»ни иддао қилди. Шунингдек, вазирлик бу борада суриштирув ўтказишини сўраб, Украина хавфсизлик хизматига мурожаат қилинишини маълум қилган.

«Мудофаа вазирлиги коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик принципида собитдир. Жамоатчилик орасида резонанс келтириб чиқарган ҳолат бўйича хизмат текшируви ўтказилишини маълум қиламиз. Айбдорлар аниқланган тақдирда улар жазосиз қолмайди», дейилади вазирлик баёнотида.

Зеленский нима деди?

Бу ҳолатга Украина президенти Володимир Зеленский ҳам муносабат билдирди. 23 январдаги мурожаатида Зеленский жамоатчилик аниқ маълумотни олиши, давлат эса кескин қадамлар ташлашини айтди.

«Буни ҳамма билиб олишини хоҳлайман, қачонлардир бўлган, баъзи ҳукуматга яқин одамлар ўрганган, кимлардир погони ва креслосига ишонган ҳаётга қайтмаймиз», деди Украина президенти.

Украина президенти бу борада гапирар экан, қонунни ҳимоя қилаётган орган ходимларига ва «ҳамма нарсани фаҳмлай оладиган» журналистларга миннатдорчилик билдирган.

Мавзуга оид