Ўзбекистон | 12:05 / 30.01.2023
30823
3 дақиқада ўқилади

Нукусда икки бола заҳарланиб шифохонага тушди. Улардан бири вафот этди

Нукусда болалар тез тайёрланувчи лағмондан заҳарлангани ҳақидаги хабарлар рад этилди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида содир бўлган ўткир заҳарланиш ҳолати юзасидан хабарлар тарқалди. Ҳолат бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати расмий маълумот берди.

Жорий йил 25 январь куни фуқаро Б.Б.нинг оғзаки кўрсатмасига кўра тушликда укаси М.А. билан бирга уйига яқин жойдаги озиқ-овқат дўконидан тез тайёрланадиган лағмон маҳсулотини сотиб олиб, тайёрлаб истеъмол қилган. Лағмон маҳсулотини тайёрлаш жараёнида маҳсулотда айниш белгилари, ўзга ёт ҳид ва таъм сезилмаган. 

Ўша куни соат 17:00-18:00 ларда Б.Б. уйида 1-1,5 йилдан буён сақланиб турган, номи ва ишлаб чиқарувчиси ҳамда сотиб олган жойи номаълум 500 граммга яқин целлофан пакетда бўлган, кукун кўринишидаги кемирувчиларга қарши дори билан уй атрофи, ошхона ва битта хонага сепиб чиққан. Кемирувчиларга қарши дорини сепиш вақти ва сепганидан сўнг хоналарда ўткир ҳид сезилган. 

2023 йил 26 январь куни соат М.А. соат 7:00-8:00 ларда, Б.Б соат 9:30-10:00 ларда қайт қила бошлаган. Белгилар ўтиб кетмагандан сўнг тушлик вақтида тез ёрдам чақирилган. Лекин ота-онаси томонидан уйда даволаниш маъқул кўрилган. 

М.А. ва Б.Б. қайт қилишга қарши дорилар қабул қилган. Ўша куни тунги соат 23:00-24:00 лар атрофида М.А. ва Б.Б. такрорий қайт қила бошлаган. 27 январь куни соат 6:00-7:00 ларда “Тез ёрдам” чақириб, Республика болалар юқумли касалликлар шифохонасига юборилган. Лекин уларнинг касаллик белгилари юқумли касалликлардан бўлмаганлиги сабабли Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига юборилади. 

Шифокорлар томонидан беморларга «Фосфорорганик бирикмалардан ўткир заҳарланишнинг оғир ва ўрта оғир даражаси» бирламчи ташхиси қўйилган.

М.А. келгандаги аҳволи оғир ҳолатда бўлган. Реанимацион чора-тадбирлар олиб борилишига қарамасдан, 27 январь соат 09:24 да унда биологик ўлим қайд этилган. Фуқаро Б.Б.нинг аҳволи қониқарли бўлиб, соғлиги шифокорлар назоратига олинган. 

Юқоридаги ҳолат бўйича такрорий мурожаатлар бўлмаган ва профилактик ишлар давом эттирилмоқда, дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид