Жаҳон | 23:36 / 01.02.2023
27742
2 дақиқада ўқилади

Осиёнинг энг бой одамлари рўйхатида пешқадам ўзгарди 

Ҳиндистонлик Гаутам Адани етакчиликни бой берди. 

Гаутам Адани / Фото: Reuters

Ҳиндистонлик миллиардер Гаутам Адани энди Осиёнинг энг бой одами эмас. «Корпоратив фирибгарликда» айбланганидан сўнг, бир ҳафта ичида унинг бойлиги 50 миллиард долларга камайди. Бу ҳақда Forbes хабар берди. 

Adani Group компанияси акциялари нархи пасайиб кетиши ортидан Гаутам Адани бойлиги 76,8 миллиард долларга тушиб қолди. Ҳозир у Осиёнинг энг бой одамлари рўйхатида иккинчи, дунёнинг энг бой одамлари ичида 14-ўринни эгаллаб турибди. 

Мукеш Амбани / Фото: Reuters

Энди Осиёдаги энг бой одам нефтни қайта ишлаш, чакана савдо ва телекоммуникация соҳасида давлат орттирган яна бир ҳиндистонлик миллиардер Мукеш Амбани ҳисобланади. Унинг капитали 83,6 миллиард долларга баҳоланган. Учинчи ўринни 69,3 миллиард доллар бойлиги билан хитойлик тадбиркор Чжун Шаншан эгаллаб турибди. У шишали сув ишлаб чиқариш компаниясига эгалик қилади. 

Дунёнинг энг бой одамлари рўйхатини франциялик тадбиркор Бернар Арно (Luis Vuitton MH компанияси раҳбари) бошқармоқда. Унинг бойлиги 212 миллиард доллардан ошган. Америкалик Илон Маск (Tesla, SpaceX компаниялари раҳбари) 179 миллиард доллар билан иккинчи, Жефф Безос (Amazon компанияси раҳбари) 125 миллиард доллар билан учинчи ўринни эгаллаб турибди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид