Жаҳон | 21:32 / 02.02.2023
23366
2 дақиқада ўқилади

«Ғарб Молдовани янги «анти-Россия»га айлантирмоқчи» — Лавров

Россия ташқи ишлар вазири Ғарб Молдовада янги «анти-Россия» тайёрлаётганини айтди.

Фото: РИА Новости

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, Ғарб давлатлари Молдовага янги «анти-Россия» ролини беришни ўйламоқда. Бу ҳақда у Дмитрий Киселёвга берган интервюсида гапирди. 

Жумладан, Лавров «Қайси давлат Украина йўлидан бориши мумкинлиги» ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди. 

«Ҳозир Молдовага бу ролни бериш ҳақида ўйлаб кўришяпти. Биринчидан, улар ўзига хос усуллар билан, эркин демократик бўлмаган йўллар билан президентни [Мая Санду] мамлакат раҳбарлигига қўйишди. Ҳозир у НАТО аъзоси бўлишга интиляпти. У Руминия фуқаролигига эга, у Руминия билан бирлашишга тайёр ва умуман олганда, у деярли ҳамма нарсага тайёр», деди Лавров. 

Молдова Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Даниэл Водэ Лавровнинг баёнотини танқид қилиб, вазирнинг сўзлари «Россия дипломатиясининг ҳаммага маълум таҳдидли риторикасининг бир қисми» эканини таъкидлади. 

«Россия томонига эслатиб ўтмоқчимиз, Молдова кетаётган йўл Европа Иттифоқига қўшилиш йўлидир. Бу фуқароларимиз томонидан қўллаб-қувватланган қарор. Биз эса барча давлатлардан, жумладан, Россиядан ҳам фуқароларимизнинг қарорига ҳурмат кўрсатгани учун миннатдор бўламиз. Молдова ўз келажагини танлади ва бу келажак - эркин дунёнинг бир қисми бўлишдир», деди у. 

Россия Украинага кенг кўламли босқинни бошлаганидан бир неча кун ўтгач Молдова Европа Иттифоқига қўшилиш учун ариза берди. 2022 йил июн ойида Молдова Украина билан биргаликда ЕИ аъзолигига номзод мақомини олди. 

Россиялик сиёсатчилар ва расмийлар, жумладан, президент Владимир Путин ҳам Украинадаги кенг кўламли урушни Ғарб гўёки у ерда Россия Федерациясини йўқ қилишга мўлжалланган «анти-Россия» қураётгани билан бир неча бор оқлаган эди. 

Мавзуга оид