13:24 / 05.02.2023
23635

Покистоннинг собиқ ҳарбий диктатори Парвиз Мушарраф вафот этди

У 1999 йилда ҳарбий давлат тўнтариши орқали ҳокимиятга келган, кейинроқ давлатга хиёнатда айбланиб, сиртдан ўлимга ҳукм қилинганди.

Фото: Aamir Qureshi/AFP

Покистоннинг собиқ президенти Парвиз Мушарраф Дубайдаги ҳоспиталда 79 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда The Guardian хабар бермоқда.

Сўнгги йилларда Бирлашган Араб Амирликларида қувғунда яшаб келаётган Мушарраф амилоидоз касаллигидан (организмда оқсил алмашинувидаги бузилиш билан боғлиқ кам учровчи касаллик) азият чекаётганди.

Покистон мудофаа вазирлиги собиқ президент вафоти юзасидан ҳамдардлик билдирган. 

Парвиз Мушарраф Покистонда 1999 йилда рўй берган ҳарбий давлат тўнтариши натижасида ҳокимиятга келганди. У 2001-2008 йилларда мамлакат президенти бўлган.

У кўплаб суиқасдларни бошдан кечирганди. 2001 йил 11 сентябридан кейин Покистон жамиятидаги кайфиятга қарамай, АҚШнинг «террорга қарши уруши»ни қўллаб-қувватлаган, натижада жангарилар ва Ғарб ўртасидаги курашда олдинги сафларда бўлади.

2008 йилда Мушарраф сайловларда мағлубиятга учрайди ва бир ярим ой ўтиб мамлакатни тарк этади.

Генерал 2013 йилда Покистонга қайтади ва яна сайловларда иштирок этишга уринади, аммо ҳибсга олиниб, сайловда номзодини қўйиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Покистон ҳукумати ташаббуси билан Мушаррафга нисбатан жиноий иш қўзғатилади. Уни 2007 йилда Конституциявий суд Мушаррафнинг янги муддатга сайланиши қонунийлиги масаласини кўриб чиқишга қарор қилганида мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этиб, конституцияни бекор қилгани учун давлатга хиёнатда айблашади. У сиртдан ўлим жазосига ҳукм этилади, аммо бир ой ўтиб бу ҳукм бекор қилинади.

2016 йилда у яна мамлакатни тарк этиб, даволаниш учун Дубайга кетади. Касаллиги туфайли у ватанига қайтиш истагини билдирганди.

Покистон армияси вакиллари Мушаррафнинг ўлими ҳақида берилган хабарида «самимий ҳамдардлик» изҳор этишган ва қўшимча қилишган: «Аллоҳ марҳумнинг руҳини шод қилсин ва оиласига куч-қувват берсин».

Покистон президенти Ариф Алвининг офисининг AFP агентлиги иқтибос келтирган таъзияномасида президент «марҳумнинг руҳи мангу ором топиши учун ва унинг оиласига бу йўқотиш юкини кўтаришда жасорат тилаб» дуода бўлиши айтилган.

Top