Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Аҳолини зилзилага тайёрлаш тизими жорий қилинади
Ўзбекистонда аҳолига фавқулодда вазиятлар вақтида нима қилиш кераклиги Япония тажрибаси асосида ўргатиб борилади. “У ерда ҳар бир ташкилот йилда бир кунини ажратиб, зилзилага тайёрлов марказига бориб, зилзила вақтида нима қилишни тажриба қилиб кўради, биз ҳам худди шунақа нарса қилмоқчимиз”, деб маълум қилди Вазирлар Маҳкамаси ходими. Унинг айтишича, тегишли низом лойиҳаси тайёр бўлган.
7 феврал куни Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Сейсмология институтида дунё бўйича сейсмик фаоллик экстремал даражага кўтарилиши мавзусида мутахассис ва ОАВ вакиллари учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон фуқароларининг зилзилага қанчалик тайёрлиги масаласи кўтарилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг маркази бошлиғи Қаҳрамон Қўчқоровнинг маълумот беришича, Ўзбекистонда зилзила кўламидан келиб чиқиб, ФВВ вазирлик ва идоралар ўртасида фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тизимини ишлаб чиққан. Бундан ташқари, ҳар битта вилоят ўзини фавқулодда вазиятларга тайёрлаш бўйича режа ҳам ишлаб чиқади.
“Дейлик, Фарғона 8 балли зилзила ҳудудида бўлса, шундай вазиятда қанча қутқарувчи, техника ва қутқарув воситалари керак – шулар режада белгиланади. Умуман, бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай фавқулодда вазиятлар учун 5 йиллик режа ишлаб чиқилади. Чунки 5 йил ичида ҳолатда ўзгариш бўлиши мумкин”, – деди вазирлик вакили.
Вазирлар Маҳкамаси Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш шуъба мудири Диёрбек Бекмирзаевнинг қўшимча қилишича, зилзилага тайёргарлик бўйича вазирлик ва идоралар кесимидагина алоҳида низом бор. Оддий фуқароларнинг зилзила вақтида қандай ҳаракат қилишига оид низом йўқ. Шуъба мудири яқинда шундай муддатли низом ишлаб чиқилгани ва тез орада Ўзбекистонда фуқаролар ҳам зилзилага тайёрланиш жараёнида иштирок этишини айтиб ўтди.
“У низомда зилзила вақтида қаерга борилади, нима қилинади, шулар кўрсатилади. Бу дегани бутун республика аҳолисига зилзилага тайёрланиш ўргатиб чиқилади. Яқинда Японияга бориб, уларнинг тажрибасини ўргандик. У ерда ҳар бир ташкилот мактаб, боғча, олийгоҳ ёки ишлаб чиқариш муассасалари бўладими, ҳаммаси йилда бир кунини ажратиб, зилзилага тайёрлов марказига бориб, зилзила вақтида нима қилишни тажриба қилиб кўради. Биз ҳам худди шунақа нарса қилмоқчимиз. Ҳар бир ташкилот Фуқаро муҳофазаси институтига бориб, зилзила вақтида нима қилишни ўрганиб келади”, – деди шуъба мудири.
Эслатиб ўтамиз, Туркия ва Суриядаги 6 феврал зилзилалари ортидан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмий баёнот чиқариб, Ўзбекистонда магнитудаси 5 баллга тенг ёки ундан катта бўлган зилзила даракчилари аниқланмаганини маълум қилган, фуқаролардан ортиқча ваҳимага тушмасликларини сўраганди.
Мавзуга оид
08:58 / 20.06.2026
Чирчиқдаги каналда ҳушсиз ҳолатдаги фуқаро қутқарилди
09:40 / 18.06.2026
Катта Чимён тоғида қидирув-қутқарув операцияси ўтказилди
13:14 / 14.06.2026
Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудларидаги «чигирткалар босқини» юзасидан изоҳ берилди
14:06 / 11.06.2026