Иқтисодиёт | 20:32 / 09.02.2023
30555
3 дақиқада ўқилади

2022 йилда Ўзбекистонда банк карталари эмиссияси кескин ошди

Бу Ўзбекистонга кўчиб келган россияликлар ёки Россияда яшаётган, аммо Ўзбекистон банк карталари орқали халқаро харидларни амалга ошираётганлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. 

2022 йилда Россияга қўшни давлатлар банк карталарини чиқариш ҳажмини кескин оширди: бир қатор мамлакатларда ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада юқори бўлди ва аксарият ҳолларда камида беш йиллик рекордни ўрнатди. Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Грузия, Беларус, Арманистон ва Қирғизистон Марказий банклари статистикасини ўрганиб чиққан РБК шундай хулосага келди. 

Маълумотлар ёпилган карталар сонини кўрсатмайди, лекин бозордаги динамика бўйича тасаввур ҳосил қилади. Энг кўп ўсиш Тожикистонда кузатилган: муомаладаги карталар сони 45,5 фоизга ошиб, 5 миллион донага етди, бу охирги беш йилдаги энг юқори кўрсаткичдир. Маълумотлар халқаро тўлов тизимлари (ХТТ) ва маҳаллий тўлов тизимларининг карталарини ҳисобга олади. 

Қирғизистонда статистик маълумотлар фақат 3 та чорак учун мавжуд бўлиб, ХТТ карталари сони 37 фоизга ошиб, 1,8 миллион картага етди (бу сўнгги беш йилдаги энг юқори кўрсаткич). 

Ўзбекистонда бу кўрсаткич йил давомида 26,2 фоизга (34,2 миллион) ошди, статистика мамлакатда фаолият юритаётган барча тўлов тизимларини ҳисобга олади. 

Арманистонда карталар сони 18,7 фоизга (2022 йилнинг уч чорагидаги маълумотлар, фақат ХТТ учун), Озарбойжонда бутун йил давомида 18,3 фоизга (тизим турларига бўлинмаган ҳолда 13,6 миллион) ўсди. Беларусда ҳар хил турдаги карталар кўрсаткичи йил давомида деярли 15 фоизга ўсди - 18 миллион дона. 

Энг паст ўсиш суръатлари Қозоғистонда (ХТТ бўйича плюс 8,35, 42,9 миллион карта ва бу суръат сўнгги беш йил ичида энг паст бўлди) ва Грузияда (плюс 4,6 фоиз, 2018 йилдан бери энг кам). 

Умуман олганда, карталарни чиқариш суръатларининг ўсиши тенденцияси 2022 йил март ойида Россиядан Visa ва Mastercard тизимларининг чиқиб кетиши, шунингдек, россияликларнинг қўшни давлатларга миграция оқими билан боғлиқ бўлиши мумкин. 

«Бу ҳолда, қўшни давлатларга кўчиб ўтган Россия фуқаролари, шунингдек, Россияда яшовчи, лекин халқаро харидлар ва саёҳатлар учун қўшни давлат карталаридан тўловни амалга ошираётганлар ҳақида гапириш мумкин», деди ДРТ компаниясининг молиявий институтлари билан ишлаш гуруҳи Раҳбари Максим Налютин. 

Мавзуга оид