Жаҳон | 18:30 / 11.02.2023
17360
2 дақиқада ўқилади

Туркиядаги зилзила кучи 500 та атом бомбаси портлаши билан таққосланди 

Етказилган зарар миқдори 4 млрд доллардан ошган. 

Фото: AP

Туркия Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хатарларни минималлаштириш бўлими бошлиғи Ўрхон Татар икки дақиқага яқин давом этган зилзила улкан вайронагарчиликка сабаб бўлганини таъкидлади.

«Биз 6 феврал куни юз берган иккита зилзилани таҳлил қилмоқдамиз. Биринчи кучли зилзила давомийлиги 65 сония. Иккинчи зилзиланинг ҳалокатли таъсири 45 сонияни ташкил қилди. Икки зилзила натижасида чиқарилган энергия 500 та атом бомбасининг энергиясига тенг», деди Ўрхон Татар.

Шунингдек, у 6 февралдан кейин мамлакатда 2 мингдан ортиқ турли магнитудали ерости силкинишлари қайд этилганини, зилзилалар яна такрорланиши мумкинлигини қўшимча қилди.

«3,5 - 4 балли ва ундан кучлироқ силкинишлар яна узоқ вақт давомида такрорланади. 5-6 балли силкинишлар ҳам юз бериши мумкин. Махсус гуруҳлар зарар етмаган биноларни кўздан кечирмагунча, уларга яқинлашманг, узоқроқда туринг. Тоғли ҳудудларда қор кўчкилари содир бўлиши мумкин», деди у.

Туркияда 6 феврал куни тонгда иккита зилзила содир бўлди. Биринчисининг магнитудаси 7,8 балл, иккинчиси 7,7 баллни ташкил этди. Мамлакатда 11 феврал ҳолатига 20 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Табиий офатдан етказилган зарар тахминан 4 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид