Жаҳон | 15:20 / 12.02.2023
10538
3 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда ОАВ тўғрисидаги қонун лойиҳасидан блогерлар ҳақидаги меъёр олиб ташланди

Қирғизистонда оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун лойиҳасидан блогерлар ҳақидаги меъёрлар олиб ташланган. Бу ҳақда Қирғизистон президенти администрацияси хабарига таяниб Kloop.kg ёзмоқда.

24.kg нашрининг ёзишича, қонун лойиҳасини турли оммавий ахборот воситаларида чиққан мақолалар туфайли қайта ишлашга мажбур бўлишган. Ишчи гуруҳ раҳбари Мурат Укушевга кўра, берилган таклифларга қараб қонун лойиҳаси қайта ишланган.

Қирғизистонда блогерлар ОАВга тенглаштирилаётган эди

2023 йил январида Қирғизистон Республикаси президенти администрацияси ОАВ тўғрисидаги янги қонун лойиҳасини тақдим этган эди. Унда аудиторияси 5 мингдан ошган блогерлар ОАВга тенглаштирилганди. Шу йўл билан блогерларни текширилмаган маълумотларни тарқатганлик учун қонун олдида жавоб беришга, уларни ОАВга доир қонунчиликнинг барча талабларига жавоб беришга мажбурлаш кўзда тутилганди.

Мустақил юристлар бу қонун лойиҳсини фикр эркинлиги учун таҳдид деб баҳолашган. Улар, шунингдек, ОАВ тўғрисидаги қонун лойиҳаси аввалгисига нисбатан қатъийлаштирилаётганига эътироз билдиришган.

ОАВ тўғрисидаги қонун

2022 йил сентябрида ҚР президенти администрацияси ОАВ тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди. Унга веб-сайтлар анъанавий ОАВ сингари рўйхатдан ўтиши лозимлиги тўғрисида меъёр киритилган, шунингдек ОАВни рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш жараёни мураккаблаштирилган.

Юристлар лойиҳани танқид остига олишди ва президент администрацияси «амалдаги ҳокимиятга ёқмаётган веб-сайтларни ёпиш»га ҳамда ОАВ ишига аралашишга ҳаракат қилаётганини айтиб чиқишди. Юристларнинг таъкидлашларича, ҳокимият шу йўл билан «фикрлар плюрализмига қарши қатъий тақиқлар» ўрнатишни истамоқда.

Қонун лойиҳасини қаттиқ танқидларга учрагач, ҚР президенти администрацияси уни қайта ишлаш учун ишчи гуруҳ тузишга рози бўлди. Унга президент администацияси аъзолари, ОАВ вакиллари ва мустақил юристлар аъзо бўлишди. Улар қайта ишланган қонун лойиҳасини жамоатчиликка тақдим этишди.

Қирғизистонда ҳокимият томонидан ОАВ ва сўз эркинлигига босимнинг янги тўлқини кузатилмоқда.  Бунга яққол мисол қилиб суриштирувчи журналист Болот Темировнинг мамлакатдан чиқариб юборилиши, «Азаттиқ» радиоси сайти блокланиши ва уни ёпишга уриниш, блогер Ирис Жекшеналиевнинг ҳибсга олинишини кўрсатиш мумкин.

Бироқ ҳукумат ҳеч қандай босим йўқлиги, Қирғизистон қонун устуворлиги, мамлакатдаги олий қадриятлардан бири — инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари принципларига содиқ эканини таъкидламоқда.

Бироқ экспертларнинг фикрича, ҳукумат мустақил ОАВ ва ноҳукумат ташкилотларига қарши курашиш учун восита бўладиган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давом этмоқда. 

Мавзуга оид