11:21 / 13.02.2023
7225

«Комсомолская правда» сайтида урушга қарши матнлар пайдо бўлди

Россиянинг Украинадаги жиноятлари ва босқинчиликнинг ноқонунийлиги ҳақидаги 10 га яқин хабарлар нашр сайтида 10 дақиқадан камроқ вақт давомида осилиб турди. Уларни қўйган муҳаррир бу ҳаракатни «айбни ювиш» деб атади.

Фото: teamnavalny

Кремлпараст «Комсомолская правда» газетаси сайтида 11 февраль, шанба куни Россия армиясининг Украинадаги жиноятлари, Қримнинг Россия томонидан ноқонуний аннексия қилиниши ва сиёсатчи Алексей Навалний устидан қийноқлар ҳақидаги матнлар пайдо бўлди. «Продолжение следует» лойиҳаси бунга эътибор қаратди.

Газета сайтида жами 10 та материал, жумладан, «Қрим - Украина. Россия яриморолни қайтаришга мажбур», «Россия Путин режими томонидан оккупация қурбони бўлди», «Россия Федерацияси , Изюм ва Гостомелда жиноят содир этган», «Навалний устидан қийноқлари: Россия қамоқхоналарида сиёсий маҳбусларга қандай муносабатда бўлишади» каби сарлавҳалар остида чоп этилган.

Баъзи материаллар кириш сўзлари билан бирга келтирилган: «Материал «Комсомолская правда» муҳаррирлари билан мувофиқлаштирилмаган, у Путин бошчилигидаги Кремль режими ва унинг Украинада тинч одамлар геноцидини содир этган ҳокимиятдаги бемаъни ўғрилар тўдаси ёлғонларини фош қилишга қаратилган».

Газетанинг веб-сайтидаги матнлар янгиликлар муҳаррири Владимир Романенко томонидан уруш бошланганининг бир йиллигига бағишланган акция сифатида эълон қилинган. Романенконинг ўзи «Продолжение следует» лойиҳасига маълум қилганидек, у нашрда ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери ишлаб келяпти ва молиявий қийинчиликлар туфайли у ерда ишга жойлашган. Мобилизация бошлангандан сўнг у Россияни тарк этган, лекин «Комсомолская правда»да узоқдан ишлашни давом эттирган.

«Мен учун бундай қадам тубсизликка сакрашдир. Мен қандайдир иш излаяпман, жамғармам қолмади. Лекин буни айбимни ювиш сифатида қабул қиламан. Ишсиз бўлиш мен учун ёлғон гапирганим учун мутаносиб тўлов», - деди Владимир Романенко ўз қилмишини тушунтириб. У «буларнинг барчасида қатнашгани учун» Украина халқидан узр сўради.

Материаллар энди нашрда ишламайдиган Романенконинг бошлиқлари томонидан 10 дақиқа ичида олиб ташланди. Хабар ва мақолаларни чиқарувчи муҳаррир унга бундай ҳаракатни кутмаганлигини ёзган ва уни мессенжерда блоклаган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top