Россия томонида Украинага қарши уришаётган ўзбекистонликлар сони 5 мингга яқинлашиб қолди. Россияда мигрантларни урушга ёллаш бўйича ҳар хил схемалар, тузоқлардан фойдаланилаётгани айтилади. Урушга ёлловчи бундай шахслар Ўзбекистон ичида ҳам пайдо бўлмоқда. Мақолада шундай шахслардан бири ҳақида ҳикоя қилинади.

Telegram’даги тузоқ

Интернетдаги айрим манбаларга кўра, Россиядан 2023 йилда қарийб 45 минг, 2024 йилда 90 мингга яқин ва 2025 йилда 70 минг нафардан ортиқ хориж фуқаролари депортация қилинган. Албатта, булар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор.

Россиядан депортация қилинганлар орасида ноқонуний йўллар билан ушбу давлатга қайтиб боришни истайдиганлар ҳам топилади. Андижонлик 32 ёшли Нурсултон Тавакалов Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари буюртмасига асосан маълум бир ҳақ эвазига ана шундай Ўзбекистон фуқароларини урушга ёллашга ҳаракат қилган.

Нурсултон Telegram’даги гуруҳлардан бирида Россиядан депортация қилинганларни ушбу давлатга олиб кириш ҳақида эълон берган.

Нурсултон Тавакалов ушбу тузоғи Россияга киришига тақиқ қўйилган ватандошлар эътиборини тортишини биларди. Шундай ҳам бўлди. Унинг тузоғига Нодир Олимов ва Эрали Рўзиқулов исмли шахслар илинди.

Соғлигидаги муаммо қутқарди

Нодир Олимов анча йиллардан буён Россияга қатнаб, қурилиш ишларида ишлаб келарди. 2023 йил охирида у ушбу давлатда бўлиш қоидаларини бузган. Шу сабабли, депортация қилиниб, 10 йил муддатга Россияга киришига тақиқ қўйилган.

Нодир Олимов тақиққа қарамай ушбу давлатга қайтиб бориш ҳаракатига тушган. Ўша кунларда у Нурсултоннинг эълонини кўриб қолган. Сўнгра дарҳол эълондаги телефон рақамига қўнғироқ қилган.

Нурсултон Нодир Олимовга ўз танишлари орқали Россияга киритиб қўйиш ваъдасини берган. Хизмат ҳақи сифатида 250 минг руб тўлаши кераклигини айтган. Нодир Олимов бу таклифга рози бўлиб, WhatsАрр орқали паспорт нусхасини жўнатган.

Шу тариқа, улар кўришган. Нурсултон Россиянинг барча аэропортларида танишларини борлигини айтиб, Нодир Олимовдан келишилган пулнинг ярмини аввалдан беришни сўраган. Нодир Олимов эса ҳозирча 400 доллар беришини, қолганини Россияга киритиб қўйганидан сўнг тўлашини билдирган. Бироз савдолашувдан сўнг томонлар ўзаро келишган.