08:11 / 13.02.2023
6955

Миср Ўзбекистонда йирик энергетика объектлари қурмоқчи

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Elsewedy Electric (Миср) компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Унда компания томонидан мамлакатимиз энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва инновацион ишланмаларни жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.

Фото: Dunyo

Йиғилишда компания энергетика соҳасида дунёнинг 19 та давлатида амалга оширилаётган, хусусан, йирик энергетика объектларини қуриш, юқори вольтли электр узатиш линияларини ўтказиш, «яшил энергия» объектларини яратиш ва ақлли шаҳарларни ривожлантиришга оид инновацион лойиҳаларни тақдим этди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни давом эттиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирди ва Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш доирасида келгусида биргаликда иш олиб бориш форматини келишиб олди.

Elsewedy Electric компанияси 1938 йилда ташкил топган. Компаниянинг 2021 йилдаги умумий молиявий айланмаси 3,8 миллиард долларни ташкил қилди. Компания фаолиятининг асосий йўналишлари энергетика объектларини ишлаб чиқиш ва қуриш, кабель ва электр жиҳозларини ишлаб чиқариш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда энергетика ва инфратузилмани ривожлантиришга сармоя киритиш ҳисобланади. 

 

Top