10:14 / 14.02.2023
18100

Путин самолётлардан зирҳли поездни афзал кўряпти - «Досье» 

Икки йилдирки, Путин Россия бўйлаб учишни эмас, балки махсус зирҳли поездда юришни маъқул кўряпти, деб ёзади «Досье» маркази. Бу поездни темирйўлда таниб бўлмайди.

Фото: Sputnik

Россия президенти Владимир Путин сўнгги икки йил давомида Россия бўйлаб самолётда эмас, балки махсус зирҳли поездда саёҳат қилишни афзал кўряпти. Бу ҳақда 13 февраль, душанба куни «Досье» маркази Путиннинг таниши ва президент маъмуриятига яқин манбага таяниб ёзди. «Уруш бошланганидан сўнг, февраль-март ойларида у (Путин) поезддан, айниқса, Валдайдаги қароргоҳига етиб бориш учун жуда фаол фойдалана бошлади», — дейди «Досье» манбаси.

Нашр маълумотларига кўра, поезд 2014—2015 йилларда Путиннинг саёҳатлари учун ўзгартирилган, бироқ у Россия қўшинлари Украина билан чегарага ўтказилишидан бироз аввал – 2021 йил август-сентябрь ойларида ундан мунтазам фойдалана бошлаган. Ушбу турдаги транспортнинг асосий афзаллиги шундаки, унинг ҳаракатини кузатиб бўлмайди - кузатиш учун махсус сервислар мавжуд самолётлардан фарқли ўлароқ. Поезднинг ташқи кўриниши ҳам эътиборни тортмайди - бу Россия темирйўлларига хос қизил чизиқли кулранг вагонлардир. Фақат махсус алоқа антенналари, вагонлардаги кўпроқ ўқлар (олтита эмас, тўртта) ва оғир зирҳли вагонларни тортиш учун зарур бўлган учта локомотивлар эътиборни тортади.

Поезд олигарх Юрий Ковалчук тузилмалари билан боғлиқ бўлган «Гранд Сервис Экспресс» компаниясига тегишли бўлиши мумкин.

Айни пайтда, Марказий клиник шифохонанинг шартномалари Россия давлат харидлари веб-сайтидан йўқолиб қолди, деб ёзади «Система» суриштирув лойиҳаси душанба куни. Бу расмийлар ушбу шифохона шифокорлари хизмат кўрсатаётган Путиннинг соғлиғи ҳақидаги маълумотларни яшира бошлаганини кўрсатиши мумкин. Хусусан, 2022 йилнинг апрель ойида «Проект» нашри давлат харидлари маълумотларини таҳлил қилиб, кўпинча Путинга қалқонсимон без саратони бўйича ихтисослашган жарроҳ ва ЛОР ҳамроҳлик қилишини аниқлади. Бундан ташқари, бир сафарда Путинга 6 нафардан 13 нафаргача мутахассис ҳамроҳлик қилиши мумкин.

Top