22:33 / 14.02.2023
14654

Туркия оғир дамда узатилган ёрдам қўлларини унутмайди — Эрдўған

Туркия президенти ҳалокатли зилзилалар оқибатларини бартараф этишда ёрдамга шошилган барча давлатларга миннатдорчилик билдирди. 

Фото: Anadolu Agency

Туркия қийин дамларда чўзилган ёрдам қўлларини унутмайди, деди президент Ражаб Тоййиб Эрдўған БАА ташаббуси билан ташкил этилган Жаҳон ҳукумати саммити иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида. Бу ҳақда Anadolu хабар берди. 

Давлат раҳбари аввалроқ саммитда шахсан иштирок этишни режалаштирганини, аммо режалар 6 феврал куни содир бўлган зилзилалар туфайли қайта кўриб чиқилганини таъкидлади. 

«Катта миқёсдаги табиий офат оқибатларини Туркиянинг ўн вилоятида 13,5 миллион киши ҳис қилди. Ер силкинишлари 500 км ҳудудда сезилган. Афсуски, катта вайронагарчилик юз берди. Олимларнинг таъкидлашича, бу зарбалардан 500 та атом бомбаси портлашига тенг энергия ажралиб чиқди», деди президент. 

Унинг сўзларига кўра, Туркия нафақат ўз тарихидаги, балки инсоният тарихидаги энг йирик табиий офатлардан бирига дуч келди. 

Президент, эпицентри Туркиянинг Қаҳрамонмараш шаҳрида бўлган зилзилалар зонасида фаолият олиб бораётган қидирув-қутқарув гуруҳлари ўтган тўққиз кун ичида 8 мингдан ортиқ одамни вайроналар остидан қутқарганини айтди. 

«Афсуски, қулаган минглаб уйлар вайроналари тозаланиши билан қурбонлар сони ҳам ортиб бормоқда. Зилзиладан жабр кўрган 81 мингдан ортиқ Туркия фуқаросининг баъзилари шифохоналардан чиқарилди. Қидирув-қутқарув гуруҳлари вайроналар остидан 8 мингдан ортиқ одамни қутқариб олди», деди Эрдўған. 

Сиёсатчи халқ қўллаб-қувватлаши туфайли Туркия бу офат оқибатларини қисқа вақт ичида бартараф этишига ишонч билдирди. 

Туркия раҳбари ҳалокатли зилзилалар оқибатларини бартараф этишда ёрдамга шошилган барча давлатларга миннатдорчилик билдирди. 

Давлат раҳбари дунёнинг юздан ортиқ давлати, жумладан саммитга мезбонлик қилган Бирлашган Араб Амирликлари Туркияни қўллаб-қувватловчи баёнотлар берганини эслатди. 

«Баъзи давлатлар қутқарувчиларни Туркияга юборди, баъзилари моддий ёрдам йиғиш кампанияларини бошлаб, бирдамлик кўрсатди. Айрим давлатлар Анқарани қўллаб-қувватлаганини билдиришди. Бу фалокат халқаро бирдамликнинг муҳимлигини яна бир бор исботлади», деди Президент. 

Мавзу
Туркияда вайронкор зилзила
6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида рўй берган 7,8 балли зилзила минглаб одамларни ҳаётдан олиб кетди.
Барчаси
Top