Жаҳон | 12:53 / 15.02.2023
10045
2 дақиқада ўқилади

Германиядаги 7 та аэропортда иш ташлаш эълон қилинди

Тарифлар бўйича музокараларда муваффақиятга эришилмагани сабабли, Verdi касаба уюшмаси Франкфурт-Майн, Мюнхен, Штутгарт, Ҳамбург, Дортмунд, Ганновер ва Бремен аэропортларида иш ташлаш уюштирмоқда.

Фото: dpa

Иш ҳақи ставкаларини ошириш бўйича музокараларда муваффақиятга эришилмаган бир пайтда, Verdi касаба уюшмаси Германиянинг еттита йирик аэропорти ишчиларини 15 февраль, чоршанба куни эрта тонгда 17 февралда иш ташлашга чақирди. 

Уюшма матбуот хизмати хабарига кўра, иш ташлаш сабаби федерал ва муниципал давлат хизматлари корхоналарида иш берувчилар билан муваффақиятсиз тариф музокаралари, аэропорт ер хизматлари ходимлари ва федерал авиация хавфсизлиги бўйича ходимлар иш ҳақи бўйича музокаралар ижобий якун топмаганидир.

«Инфляция, юқори энергия ва озиқ-овқат нархлари кўпчилик ишчиларни ҳимоясиз қолдиради. Кўпчилик энди ижара ҳақини қандай тўлашни ва музлатгичларини тўлдиришни билмайди. Улар яшаш учун сезиларли даражада кўпроқ пулга муҳтож. Иш берувчилар бундан хабардор бўлишлари ва тегишли жавоб беришлари керак. Улар ишчиларнинг яхши ишлаши учун мукофотлашлари керак, бу уларни катта молиявий босимдан халос қилади», - деди Verdi раиси ўринбосари Кристин Беҳле.

Маълум қилинишича, Франкфурт-Майн, Мюнхен, Штутгарт, Ҳамбург, Дортмунд, Ганновер ва Бремен аэропортлари ходимлари иш ташлашади. Иш ташлаш 17 февраль эрта тонгда бошланади ва 18 февралга ўтар кечаси тугайди. Зилзиладан жабр кўрган Туркия ва Сурияга етказилаётган инсонпарварлик ёрдамига бу таъсир қилмайди, деб маълумот берди Verdi.

Аввалроқ, 25 январь куни Берлин аэропортида (BER) Verdi томонидан уюштирилган кунлик иш ташлаш бўлиб ўтган эди. Натижада 300 та рейс бекор қилинди, 35 мингга яқин йўловчи зарар кўрди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид