Жаҳон | 08:26 / 16.02.2023
11573
4 дақиқада ўқилади

Мюнхен конференцияси раҳбари: Россияга «депутинизация» керак

Ғарб давлатлари Путиндан кейин Россия билан муносабатларни ўрнатишга тайёр бўлиши керак, деди Кристоф Хойсген.

Кристоф Хойсген / Фото: MSC

Россия-Германия муносабатларини тиклаш учун Россиянинг «депутинизацияси» зарур. Бу ҳақда 15 февраль, чоршанба куни Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC) раиси Кристоф Хойсген форум очилиши арафасида Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) нашрлар гуруҳига берган интервьюсида айтиб ўтди. «Биз Путиннинг ўз мамлакатидаги бу тажовузкор уруш ҳақидаги дезинформацияси қанчалик тизимли ишлаётганини, жамоатчиликни қандай манипуляция қилаётганини кўряпмиз. У одамлар унинг Ғарб Россияга ҳужум қилаётгани ва фашистлар ҳужум қилаётгани ҳақидаги гапларига ишонишларини хоҳлайди. Мен буни депутинизация деб атадим, у зарур ва осон бўлмайди», деди Хойсген Германия-Россия муносабатларининг келажаги ҳақида фикр юритар экан, яқинда нашр этилган «Етакчилик ва масъулият» (Führung und Verantwortung) китобига ишора қилиб.

Немис оммавий ахборот воситалари таъкидлаганидек, «депутинизация» ибораси Германиянинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги ривожланиш йўналишларидан бирини билдирувчи «денацификация» тушунчасини эслатади.

«Мен «депутинизация» атамасини ишлатяпман, чунки бу мамлакат (Россия) бутунлай Путинга қаратилган. У барча қарорларни қабул қиладиган ва Россия ОАВда нима эшиттирилаётганини ҳам белгилайдиган ҳукмдор. Мен буни аниқ акс эттирмоқчиман», - дея интервью давомида тушунтирди Хойсген.

«Шимолий оқим 2» лойиҳасини хато деб билишига ойдинлик киритар экан, Мюнхен конференцияси раҳбари Россия ва Германия ўртасидаги муносабатлар асрлар давомида «дўстона» бўлиб келганини ва келажакда уларнинг ривожланиши учун бу асос сифатида олиниши кераклигини қўшимча қилди.

Россияни жорий Мюнхен хавфсизлик конференциясига таклиф қилмаслик қарорига изоҳ берар экан, Кристоф Хойсген бу ташкилотчилар учун осон бўлмаганини таъкидлади. «Россия вакилларини можарони музокаралар йўли билан ҳал қилишга ёндашиш мумкинлигига умид борлигида таклиф қилиш мумкин. Бироқ, Владимир Путиннинг баёнотлари бу йўналишда ҳаракатга ҳеч қандай жой қолдирмади. Одатдагидек Мюнхенга Путиннинг вакили Сергей Лавров келган бўларди», деди MSC раҳбари ва конференция ташкилотчилари унинг «Кремль пропагандаси учун платформа» бўлишини истамаслигини қўшимча қилди. 

Кристоф Хойсген Мюнхендаги хавфсизлик конференциясига Россия фуқаролик жамиятининг бир неча вакиллари ва Украина билан уруш пайтида ватанини тарк этган россияликлар келишини эслатди. «Биз бу давлатдан танқид эшитмоқчимиз. Кейинги Россия билан қандай муносабатда бўлиш ҳақида ўйлашимиз керак, - деди Хойсген. - Россия қолади. Лекин Путинсиз Россия бўлади. Бунга тайёр бўлишимиз керак. Биз Россия билан ҳамкорликни давом эттиришни хоҳлаймиз. Германия ёрдами билан Россияда қамоқдан озод этилган тадбиркор Михаил Ходорковский айтганидек, Путин бир нарсани унутди – у ҳам оддий инсон».

Германия собиқ канцлери Ангела Меркелнинг Россия ва Украина ўртасидаги можарода воситачилик қилиш имкониятини изоҳлар экан, MSC раиси бундай уринишларда эҳтиёткор бўлиш керак, деган фикрни билдирди. «Бу билан бирор нарсага эришиш мумкинми ёки йўқми, катта савол. Биринчидан, Россиянинг ўзида кўп нарса содир бўлиши керак», - деди Хойсген.

Мюнхен хавфсизлик конференцияси 17-19 февраль кунлари бўлиб ўтади.

Мавзуга оид