Жамият | 15:58 / 25.02.2023
19734
4 дақиқада ўқилади

Орамиздаги одамлар: жонсиз оёқ билан оиласини боқаётган калитсоз

24 ёшида, билаги айни кучга тўлган пайтда бахтсиз ҳодиса туфайли ярим танаси ишламай қолган Шерзод Жалолов 15 йилдирки ўзи эркин ҳаракатлана олмайди. Аммо у ҳаёт синовларини ана шу «ярим» танаси ва бутун сабри билан енгиб ўта олди: ҳунар ўрганиб, оиласини боқяпти, рўзғорига даромад киритмоқда.     

Шерзод Жалолов пойтахтнинг Миробод туманидаги Бешқўрғон савдо мажмуасида кичкинагина «будка»да калит ясайди, пичоқ чархлайди. Уч фарзанднинг отаси бўлган қаҳрамонимиз оёқсиз машина бошқаришни ҳам ўрганган, ўқиб ҳайдовчилик гувоҳномаси олган. Ҳаётнинг оғир синовларини енгиб ўта олган Шерзод яна юриб кетиш умиди билан яшамоқда.  

«Бахтсиз ҳодиса туфайли ярим танам ишламай, уйда ётиб қолган пайтларим поччам калит ясашни ўргатди. Кўп топмайман, жуда кам ҳам эмас. Иш билан озроқ бўлса ҳам касаллигимни унутаман, одамлар билан гурунглашамиз. Бозордагиларнинг техникалари бузилиб қолса, уларни ҳам созлаб бераман. Қимирлаган одам қаерда бўлса ҳам ризқини терар экан», — дейди калитсоз.

Шерзод Жалолов тоғни урса талқон қиладиган ёшда, 2008 йилда бахтсиз ҳодисага учраган. Оқибатда унинг кўкрак қисмидан пасти ишламай қолган. Боласининг икки йилдан ортиқ ҳатто ўтира олмасдан, тўшакда қимирламай ётишини кўриш ота-онага ҳам осон бўлмаган.

«4 йилдан сўнг суяб юргич билан тик турадиган бўлдим, лекин барибир юролмасдим. Дадам уйга узун қилиб «брус» ясаб берди. Ўшанда юришга ҳаракат қилардим. Оёғим жуда судралиб, оёқ кийимим йиртилиб, оёқларим қонаб кетарди. Сезмасдим. Соғлигим сабабли қишда қишлоқда туролмасдим, шунинг учун укамнинг уйига келардим. Ўзимда ҳали уй-жой йўқ. Субсидияга ариза бергандим бир-икки марта, аммо негадир чиқмади.

Бир куни шифохонада мен билан бирга даволанаётган амаки машина ҳайдаб келди. Оёқлари ишламасди, кўриб ҳайрон қолдим. Авваллари машина ҳайдаганим учун қизиқиб сўрадим. Ҳаммасини қўл бошқарувига мослаштирган экан. Мен ҳам ўрганиб олдим. Бир неча йил аввал икки укам келишиб, совуқда юрмасин дея «Матиз» олиб беришди. Шу машина билан ишимга бориб-келиб юрибман ҳозир», — дейди уста ўтган кунларини эслаб. 

Шерзод Жалоловнинг таъкидлашича, у уйланишдан жуда қўрққан. Чунки шифохонада ётиб, айрим ўзи сингари «ярим тана» инсонларга турмуш ўртоғи эътиборсиз муносабатда қараганига гувоҳ бўлган. «Эртага менинг ҳам аёлим касаллигимни юзимга солармикан, уни яхши таъминлай олмасам таъна қилармикан», деган ҳадик ўтарди унинг кўнглидан. Аммо ундай бўлмади: ўзи истагандек турмуш ўртоқни учратди. Ҳозирда уларнинг уч фарзанди бор, тўртинчисини кутишяпти.

«Аммо ҳали уй-жойимиз йўқ — энг ўйлантирадигани шу. Отадан кейин ҳам болаларнинг ўз уйи бўлса, ўз уйида униб-ўсса дейман. Укаларим доим қўллаб келган, ажратмайди. Лекин уларнинг ҳам фарзанди катта бўлади бир кун. Алоҳида уй бошқача барибир.

Умидланиб, шифокорлардан давоси борми, деб сўрайман. Бу ерда бўлмайди, чет элда катта маблағ эвазига бўлади, дейишади. 20 минг доллардан кўпроқ айтишганди, унча пулим йўқлиги учун индамай қўйгандим. Лекин юриб кетса бўларкан. Бирдан бир орзум — юриб кетиш. Уйга кириб борганимда фарзандларим қўл чўзса кўтаролмайман, шуниси алам қилади. Ўз уйимга тик оёқда кириб бориб, оилам билан бахтли яшасам, деб ният қиламан доим», — дейди калитсоз.

Шифокорлар Шерзод Жалоловга орқа мия лат ейиши – парапарез ташхисини қўйишган. У ҳозир ҳам вақти-вақти билан даволаниб туради. Қўлига «суяниб қолган» йигит ўзи эркин юриб кетишни умид қилиб яшамоқда.

Ушбу ҳамюртимизга ёрдам бермоқчи бўлганлар учун карта маълумотлари:

UZCARD: 8600 0610 4357 4051 Шерзод Жалолов номида.

Мақсуда Абдуқаюмова.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.   

Мавзуга оид