Ўзбекистон | 11:34 / 27.02.2023
13837
2 дақиқада ўқилади

Ҳафта давомида ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади 

Ўзбекистонда ҳафта давомида ҳаво аста-секин исиб, ҳарорат кундузи +22 даражагача етади. 27−28 феврал кунлари тоғларда қор кўчиши хавфи бор. 3 мартда эса Кавказ ҳудудларидан бироз нам ҳаво кириб келиши ҳисобига баъзи жойларда ёмғир ёғади.

Фото: Kun.uz

Ўтган ҳафта охирида қисқа муддатга совуқни олиб келган совуқ ҳаво массаси Ўзбекистон ҳудудидан шиддат билан чекинмоқда.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, бугун кундуз куни республика бўйича кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Куннинг ўртасига бориб, ҳаво +12...+15 даражагача исийди.

28 феврал ва 1–2 март кунлари Ўзбекистон бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Қорақалпоғистон Республикасининг айрим туманларида 2 март куни баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 2 мартда кечаси +2...+7 даражани, кундузи +17...+22 даражани ташкил этади.

Республиканинг тоғли ҳудудларида 27–28 феврал кунлари қор кўчиши хавфи бор.

3 мартда республика ҳудудига Кавказ ҳудудларидан бироз нам ҳаво кириб келиши кутилмоқда. Республика ҳудуди бўйича булутлилик кучаяди, тоғолди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир ёғади, баланд тоғларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Кундузги ҳарорат бироз пасаяди ва +12...+17 даражани ташкил этади.

2–3 март кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол 15–20 метр/сониягача кучайиши кутилмоқда.

Пойтахтда 27-28 феврал ва 1-2 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3-8 метр/сония тезликда эсади. Ҳаво ҳарорати бугун кундузи +11...+13 даража бўлади, сўнг ҳарорат аста-секин кўтарилади ва 2 март куни +19...+21 даражани ташкил этади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид