11:26 / 02.03.2023
35552

Россия келажагига отилган ўқ. Немцов ўлдирилганига 8 йил бўлди

Бундан 8 йил муқаддам Москвада даҳшатли қотиллик содир бўлган, Кремль деворларидан 300 метр масофадан ўтувчи кўприкда россиялик мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцов отиб кетилганди. Бу замонавий Россия тарихидаги энг шов-шувли қотиллик дейиш мумкин, чунки Борис Немцов ўз вақтида мамлакатнинг кейинги президенти сифатида қараларди.

Фото: Михаил Джапаридзе / ТАСС / Scanpix

Воқеа қандай содир бўлганди?

27 феврал куни Немцов украиналик фотомодел ва кейинчалик «Украина гўзали» танлови ғолиби бўлган Анна Дурицкаяни Шереметьево аэропортида кутиб олади. Кейинчалик биргаликда Москвадаги машҳур ГУМ (давлат универсал дўкони)га боришади. Тунги соат 23:31 да Немцов ва Дурицкая Кремл олдидаги кўприк бўйлаб кетаётганда қотил Немцовга қарата олтита ўқ узади. Сиёсатчи воқеа жойида вафот этади. Қотил машинадан тушиб Немцовни отгач, воқеа жойидан қочиб кетади.

Воқеа Москванинг энг марказий ҳудудида, Россия президенти қароргоҳи бўлмиш Кремл саройи деворидан 300 метр масофада, жуда кўп яхши қўриқланадиган объектлар мавжуд бўлган ҳудудда содир бўлганига қарамай, атрофдаги бирорта камера қотилликни қайд этмагани айтилади. Фақат ГУМнинг жуда баландда турган камераси ҳолатни ғира-шира ёзиб қолади ва бу ҳолат ҳамон ягона видеофакт сифатида қаралади.

Энг қизиғи, Россиядаги энг қаттиқ кўриқланадиган бино бўлмиш Кремль деворидаги камера 300 метр наридаги ҳолатни ёзмаганини айтишади. Аввалига Москва мэрлиги бу камера назорати Федерал қўриқлаш хизматига тегишли эканини маълум қилади. ФҚХ эса бу камера фақат Кремлнинг ичида содир бўлаётган воқеаларни ёзиб қолишини билдиради. Ваҳоланки, блогерлар кейинчалик Кремль деворларини суратга олиб эълон қилишади ва ўша кадрларда девордаги камера қотиллик содир бўлган жойга қаратилгани акс этганди.

Яъни Россиядаги биринчи давлат органининг баёнотини иккинчи давлат органи рад этади. Мана шу ерда қотиллик билан боғлиқ ғалати ҳолатлар бошланиб кетади.

Қотиллик содир бўлганидан кейин мустақил нашрлар билан гаплашган ФХХнинг истеъфодаги полковниги Владимир Луценко бу ҳудудда яширин иш қилиб бўлмаслигига ишора қилиб, шундай дейди: «Москванинг бу ерида қотиллик қилиш учун ёки аҳмоқ бўлиш ёки шаҳарни умуман билмаслик керак».

Москва криминал милицияси собиқ раҳбари Евгений Харламовнинг айтишича, бундай ҳолатда воқеани аниқлаштириш учун космик ҳарбий кучларни жалб қилиш ҳам муаммо эмас. «Немцовнинг ўлдирганлар тез орада топиб кўрсатилишига ишончим комил. Аммо бу ҳақиқий қотилликни содир қилганлар бўладими йўқми – мана шундан хавотирдаман», деганди кейинчалик адвокатлик билан шуғулланган Харламов.

Қотил ким эди?

Россия тергов қўмитасига кўра воқеа бирорта камерада ёзиб қолинмаган бўлишига қарамай, Немцовнинг қотили кутилганидан анча тез топилади. 5 март куни, қотилликдан 5 кун ўтиб Зауд Дадаев, Анзор ва Шадид Губашев, Тамерлан Эскерханов, Ҳамзат Бахаев каби чечен миллатига мансуб россияликлар қотилликда гумонланиб қўлга олинади. Яна бир гумонланувчи Беслан Шаванов қўлга олиш вақтида ўлдирилган.

Борис Немцовнинг қотиллигида айбланиб ҳукм қилинган Ҳамзат Бахаев, Темирлан Эскерханов ва Шадид Губашев
Фото: Юрий Кочетков / EPA / Scanpix / LETA

Улардан уч нафари Чеченистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари эди. Хусусан, Дадаев ва Шаванов «Шимол» батальонидан, Эскерханов эса Чеченистондаги Шелковская районида ички ишлар бошқармаси собиқ ходими эди. Маълумот учун, бу районни Рамзан Қодировнинг энг яқин одами ҳисобланган депутат Адам Делимхановнинг жияни бошқаради. Ўз навбатида, бу ҳудуд раҳбари сенатор Сулаймон Геремеевга ҳам қариндош бўлган.

Далиллар яширилмайди

Ҳуқуқ фаоллари Кремль олдида амалга оширилган қотилликдаги бир ҳолатга эътибор қаратишади: қотиллар воқеа жойида ҳеч қандай изни йўқотиш ҳақида ўйламайди. Отилган олти ўқнинг исботи сифатида воқеа жойида худди шунча гильза топилади. Қотилликдан олдинги жамоат жойларида қотиллар камерадан қочишга ҳаракат ҳам қилмайди. Ҳатто қотиллик жойига боришдан аввал машинани ювдиришади ҳам. Одатда қандайдир изларни йўқотиш учун машина қотилликлардан кейин ювилади.

Машинада генетик ва порох гази излари топилади. Ҳатто машинадаги видеорегистратор қайдлари ўчирилмайди, қотиллар квартирадаги сим-карталарни ҳам ташлаб юборишмайди. Яъни гўёки қотилликни улар қилганини билишларини истайди. Аммо шунча ишни қилган қатъиятли қотилларга полиция участкасига бориб Немцовни ўлдирганини тан олишга қатъият етмайди.

Асосий гумондор нима деганди?

Заур Дадаев. Фото: Павел Головкин / АР / Scanpix / LETA

Немцовнинг қотили сифатида гумонланиб қўлга олинган Заур Дадаев илк кўрсатмасидаёқ Борис Немцовни ўлдирганини айтиб, айбига иқрор бўлади. Немцов ўлдирилишидан олдинроқ Франциядаги «Шарли Эбдо» журналида мусулмонларни таҳқирловчи карикатура чиқади. Кейин журнал таҳририятига ҳужум қилиниб, 12 нафар журналист ўлдирилади. Немцов бу қотилликни ваҳшийлик деб атаб пост қолдиради. Заур Дудаевнинг айтишича, у Немцовни мана шу пости учун ўлдирган. Қотил бу ишни пул учун эмас, мусулмон бўлгани учун қилганини айтади.

Дадаев сўзидан қайтади

Терговда Немцовни мусулмон бўлгани учун ўлдирганини айтган Заур Дадаев суд мажлисида бу гапидан тонади. Унинг сўзларига кўра, қўлга олинган вақтида Немцовни ўлдиргани ҳақида босим остида гапирган. «Менга ва дўстимга таҳдид қилишгани учун улар билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлдим. Мен ҳеч қачон бу кўприкда бўлмаганман, Немцовни кузатмаганман ва бу жиноятда иштирок этмаганман», деганди Дадаев.

Кейинроқ асосий гумондор Дадаевнинг адвокати мижози Немцов ҳақида фақат умумий маълумотга эга бўлгани, уни кузатмаганини айтади. Адвокат Немцовни айнан Дадаев ўлдирганига ҳеч қандай исбот йўқлигини айтади. Асосий гумондор Дадаев қўлга олинган вақтида «сайрагач» гўёки бу иш осон ёпилади деб ўйлашганди. Аммо у сўзидан қайтгач, ҳаммаси чалкашиб кетди ва ишда жуда кўп ноаниқликлар пайдо бўла бошлади.

Қодировга бориб тақаладиган тахминлар

Тергов Немцовнинг қотили Дадаев эканини кўрсатар экан, мустақил журналистлар Россиядаги энг машҳур сиёсатчининг ўлимини очиқ манбалар орқали жуда чуқур суриштиришди. Ва бу суриштирувлар давомида бир номга тез-тез дуч келиш мумкин эди: Рамзан Қодиров.

«Новая газета» манбаларига кўра, қотил экани айтиладиган Заур Дадаев депутат Адам Делимхановнинг шахсий тансоқчилари раҳбари бўлган. Делимханов эса Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг энг яқин одамларидан бири ҳисобланади. Қодировнинг ўзи Немцовнинг ўлимини чечен депутат ва сенаторга олиб бориб тақаш сафсата эканини айтади. Унинг фикрича, Немцов Ғарбдагиларга хизмат қилган, унинг ўлимини чеченлар билан боғлаганлар ҳам «Ғарб хизматкорларидир». Қодиров бу иш орқали Чеченистонга қарши ахборот уруши олиб борилаётганини иддао қилганди.

Қодиров бу гапларини катта эҳтимол билан «Медиазона» нашрининг суриштирувига нисбатан айтган. Унда Немцов оиласининг адвокатлари қотиллик ташкилотчиси деб атайдиган Руслан Геремеев воқеа содир бўлишидан бир кун аввал қотил экани айтиладиган Заур Дадаевга телефон қилгани, қотиллик содир этилган кунда эса амакиси сенатор Сулаймон Геремеев ҳамда депутат Адам Делимханов унга қўнғироқ қилгани ёзилган.

Чап қўлда отилган ўқ

Немцов ўлдирилганидан кейин «Росбалт» нашрининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаси қотил чап қўлда ўқ узгани ҳақида ёзганди. Бу хабарга экспертиза хулосалари ҳам илова қилинган. Журналистлар эса Дадаев барча мавжуд суратларида қуролни ўнг қўл билан ушлаганига эътибор қаратган. Шунингдек, Дадаевнинг адвокати ҳам мижози қуролни ўнг қўлда ишлатишини маълум қилган. У айнан мана шу фактни ҳам мижозини оқлаш учун ишлатмоқчи бўлганди. Асосий гумонланувчининг яқинлари судда у ўнг қўлли экани ҳақида гувоҳлик беришга ҳам тайёр бўлган.

Изсиз йўқолган ташкилотчилар

Тергов хулосасига кўра Борис Немцовга қарши қотилликни «Шимол» батальони қўмондони ўринбосари Руслан Геремеевнинг ҳайдовчиси Руслан Мухудинов ташкил қилган. Аммо қотилликдан 8 йил ўтганига қарамай, у топилмаган, мустақил журналистларнинг суриштирувига кўра ҳозирда қидирилмаяпти ҳам.

Немцов оиласи ишда алоқадор деб биладиган Рустам Геремеев эса бедарак йўқолган деб ҳисобланган. Уни қариндоши Артур Геремеев билан бирга тергов қилмоқчи бўлишади, лекин кулгили сабаб билан бу иш амалга оширилмайди: терговчи унинг уйига борганида эшикни ҳеч ким очмаганини айтади.

Аммо Руслан Геремеев бедарак йўқолмаганди. Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Рамзан Қодиров эълон қилган видеолардан бирида Геремеев Чеченистон байроғини кўтарган ҳолда Мариуполда юргани кўринади. «Қадрдон иним Руслан Геремеев топшириқни доим охиригача бажаради. Унга Мариуполдаги энг қийин ҳудуд топширилганди. «Меҳрибон» (Геремеевнинг лақаби шундай) вазифани +5 баҳога уддалади», деб ёзганди Қодиров.

Геремеев Мариуполда. Фото: «Медиазона» видеосидан скриншот

Қодировнинг постида кўриниш берганидан кейин ҳам аввал бедарак йўқолган деб ҳисобланган Геремеевни тергов қилишмайди. Терговга кўра, Мухудинов ҳамда «яна бир номаълум шахс» Немцовни ўлдирган гуруҳга 15 миллион рубл мукофот ваъда қилган.

Бедарак йўқолган ва тергов томонидан қотиллик ташкилотчиси деб аталган Руслан Мухудинов аввалига Дубайга қочгани, кейин эса ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлади. Лекин 2020 йилда Мухудинов экани айтилган одамнинг сурати ижтимоий тармоқларда пайдо бўлади. Чеченистонда олинган бу суратни Геремеевлар оиласи вакили ўз саҳифасига жойлайди. Шунга қарамай тергов қотиллик ташкилотчиси деб атаган ҳайдовчини топишга киришмайди.

Ҳуқуқ фаолларини Мухудинов қотиллик ташкилотчиси экани ҳақидаги факт яна бир жиҳатдан ажаблантиради: қандай қилиб оддий ҳайдовчи катта лавозимдаги ҳарбийлар амалга оширган қотилликни ташкил қилиши мумкин? Бунинг учун пулни қаердан олган? Ахир қотиллик ташкил қилиш учун гуруҳ иккита уйни ижарага олган, «тоза» қурол топган, машина сотиб олган, Немцовни кузатиш учун пул сарфлаган.

Немцовнинг адвокатларига кўра, иш расман ёпилмаган, лекин силжиш йўқ, амалда ҳеч қандай иш қилинмаяпти, шунчаки тергов узайтирилгани ҳақида хат келиб туради. Охирги марта тергов 2023 йил 28 февралгача давом этиши ҳақида хат келган. Шу тариқа, Россиянинг энг машҳур мухолиф сиёсатчисининг асл қотили, қотилликни буюртма қилганлар 8 йилдан буён топилмаяпти.

Путиннинг ашаддий танқидчиси

2011 йил декабрида Давлат думасига сайловлардан кейин Россияда кенг кўламли намойишлар тўлқини бошланганди. 6 декабр куни Триумфаль майдонидаги акцияга 10 минг киши чиққанди.
Фото: Кирилл Кудрявцев / AFP / Scanpix / LETA

Немцов кимлигини билмаганлар нега бу одамнинг қотиллигига бу қадар чуқур тўхталишмоқда деб ҳайрон қолиши мумкин. Чиндан Москвадаги Тошкўприкда ўлдириб кетилган одам оддий россиялик бўлганида кўпчилик эътибор бермасди, ўзи оддий одам Кремл олдида ўлдириб ҳам кетилмасди. Номаълум қотиллар ўлдирган Борис Немцов Россияни 23 йилдан буён бошқариб келаётган Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси эди.

1959 йил Сочида туғилган Борис Немцов 1991 йилдан 1997 йилгача Нижегород областининг биринчи губернатори бўлган. 1997 йил апрел ойидан ноябр ойигача Россия Энергетика ва ёнилғи вазири бўлиб ишлаган, 1997-98 йилларда Россия Хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган. Гебернаторлик лавозимини эгаллаган вақтида Немцов Россия бош вазири ўринбосари бўлиб ишлайди ва бу лавозимни эгаллаган энг ёш сиёсатчи бўлади.

Мутахассислиги бўйича физик бўлган Немцов ўз йўналиши бўйича 60 та илмий иш қилган. Сиёсатда ва илмда ҳам ном қозона олган Немцовни кўпчилик асосан Россия президентининг асосий танқидчиси деб биларди. 2000-йиллардан буён Немцов Путинни танқид қилиб, кўплаб маърузалар қилади. Немцов Россияда ҳаққоний сайловлар ва мамлакат армиясининг Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар олиб боришига қарши намойишлар ташкилотчиси бўлган.

Путин ҳақида нималар деган?

 

Борис Ельцин ўз вориси билан
Фото: Александр Сенцов ва Александр Чумичев / ТАСС

Россия президенти Владимир Путиннинг асосий танқидчиси ҳозир қамоқда бўлган Алексей Навалний деб билишади, аммо ҳатто Навалний ҳам Россия президенти ҳақида Немцов каби кескин фикрлар билдирмаган. Қуйида Борис Немцовнинг Путин ҳақида айтган баъзи гапларини келтирамиз.

2011 йил: Путин вақтида Россия фақат хомашё сотадиган давлатга айланди. Унинг учун ҳаммаси ёмон тугайди, худди Қаззофий билан бўлгани каби. Бизда мустақил суд йўқ, давлат институтлари йўқ қилинди, замонавий технологиялар, IT йўналишидан умид йўқ. Россия армияси қудратли эмас, махсус хизматлар ҳам. Россияликлар террордан ҳимояланмаган.

2008 йил: Путин ўзини Оқ уйда ўтирибман деб ўйлайди, бу хато. Россия АҚШ эмас. Бу нарса қуролланиш пойгасига олиб келади. Ҳозир Россия қурол учун 40 миллиард доллар сарфламоқда. Бу давлат бюджетининг 20 фоизи. Айтайлик, бу харажат икки баравар кўпайса, пулни кимдан олишади? Нафақахўрлардан, шифокорлардан, ўқитувчилардан.

Оқибатда Россиядаги энг муҳим муаммо – қашшоқлик ўзгаришсиз қолади. Масалан, менинг онам 100 евро пенсия олади. Ундан 70 евросини ижарага тўлайди. Бу эса тирикчилик қилиш учун кунига 1 евродан пули қолади дегани. Путин эса бу вақтда қурол-яроғ чиқараётган бўлади. Мен-ку, онамга ёрдам бераман, муаммо йўқ, лекин мамлакатда менинг онамга ўхшаган 38 миллион одам бор. 25 миллион одам кунига 2 доллардан кам пулга яшаяпти, Путин эса ракета чиқариш билан банд.

Оқибатда дунёдан узилиш бошланади, «катта саккизлик»дан чиқариб юбориламиз (ҳозир чиқарилган), Европа Иттифоқи билан муаммолар бўлади. Берлускони ва Саркози Путинни қанчалик севмасин, ЕИ одамларнинг фикрини инобатга олишга мажбур. Шу сабаб санкциялар бўлади.

Бизнесга зарба кучли бўлади. Айтайлик, ҳозир улар «Газпром»га бизнес эмас, сиёсат деб қарашмоқда. Аслида ҳам шундай. Шу боис, улар эндиликда Россиядаги ҳар қандай бизнесга сиёсат деб қарашади. Бу эса тадбиркорлик қилишни қийинлаштиради.

Ҳаммани ўзига душман деб биладиган Россия «душманлар» орасида қолгач, мамлакат ичида ксенофобия бошланади. Сайёрадаги қолган ҳаммани ёмон кўриш анъанага айланади. Авторитарлик кучайиб, диктатура шаклланади.

Дмитрий Гордонга берган интервюсида:

– Путинни икки сўз билан таърифланг-чи.

– Путин чекист. У советча дунёқараш билан қолиб кетган одам. Чекист давлатни бошқара олмайди. Йўқ, бу ишда касбнинг фарқи йўқ, лекин чекистлар ўта шубҳали, одамларни бошқаришни истайдиган каслар. Улар ҳеч кимга ишонмайди. Бу эса давлат раҳбари учун жуда ёмон хусусият.

– Путин билан сенлаб гаплашасизми?

– У билан 2003 йилдан бери кўришганим йўқ.

– Унгача-чи?

– Унгача менга бўйсунадиган одам эди.

– Елцин нега Путинни ўз ўринбосари этиб тайинлаганди?

– Ўшанда Елцин цейтнот ҳолатида, Путин эса Березовский ва бошқа олигархларнинг яқин дўсти эди, Елцинга худди оила аъзосидай эди. Путин Елцинга ва яқинларига дахлсизлик тақдим этди.

– Елцин ҳаёти охирида бўлса ҳам ўз хатосини англаб етганмиди?

– У билан охирги марта ўлимидан 4 йил аввал, 2004 йил кўришгандим. Ўшанда Елцин мамлакатда содир бўлаётган воқеалардан, цензурадан, қўшниларга бўлган муносабатдан, ҳаммага ёв кўзи билан қарашдан қаттиқ хафа бўлганди. Лекин Таняга (қизи) бирор нима қилишмасин деб очиқчасига ҳеч нарса демаган. Шундан кейин Таня унинг олдига мени киритмасликка ҳаракат қила бошлади.

Немцов Дмитрий Медведев президент бўлган вақтда ҳам мамлакатни Путин бошқаришда давом этгани ҳақида: «Айтайлик, Медведев мамлакат раҳбари сифатида ниманидир ўзгартирмоқчи. Бунинг учун ўша ўзига ёқмайдиган Россиянинг архитектори бўлмиш одамни ишдан ҳайдаши керак. Бу эса Путин. Медведев Путинни ишдан ҳайдай оладими? Амалда ҳа, лекин бундай фармонни тера оладиган ҳарф терувчи бормикин? Ва бу фармонни Путингача етказадиган одам ҳам топилмайди. Табиийки, Медведев бу ишни қила олмайди».

Елцин билан муносабати

Борис Немцов Россиянинг биринчи президенти Борис Елцин билан яқин муносабатда бўлган. СССР тарқалишидан аввалги Москвадаги намойишларда Елцин нутқ сўзлаган машҳур БТР устида Немцов ҳам бўлган. Шу боис, 14 мустамлакасидан айрилган Россияда Немцов Путин ҳукуматга келгунча сиёсий лавозимларда ишлаган. Немцов кейинчалик Россия президенти бўлади деган гаплар ҳукумат доираларида ҳам муҳокама қилинган. Елциннинг Немцов билан тушган сурати устига ўз қўли билан «Сов. секретно. Передаю эстафету» (Ўта махфий, эстафетани топшираман) деб ёзгани бундай гапларни янада кўпайтирганди. Кейинчалик маълум бўлишича, Елцин бу суратни Немцовга туғилган кунида совға қилган.

2017 йил 22 декабрида Москвага ташрифи чоғида Буюк Британиянинг ўша вақтдаги ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Немцов ўлдирилган кўприкдаги ёдгорликка гул қўйганди. Фото: Stefan Rousseau / AFP / Scanpix / LETA

Ҳозиргача ҳар йили 27 феврал куни Москвадаги Тўшкўприкда Борис Немцовнинг тарафдорлари уни хотирлаб гуллар қўйишади. Дунёда кўплаб кўчалар, майдонлар Немцов шарафига номланган. Хусусан, АҚШдаги Россия элчихонаси жойлашган кўча Борис Немцов кўчаси деб номланади.

Top