Ўзбекистон | 09:33 / 10.03.2023
5817
2 дақиқада ўқилади

Германия Ўзбекистонда автошиналарни қайта ишлаш корхонаси очмоқчи

Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консуллиги дипломатлари Германиянинг Мatteco GmbH компанияси раҳбари Бернд Криег ва Selfus компанияси раҳбари Алек Лури билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Dunyo

Германия ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, шиналарни йиғиш ва утилизация қилиш тизимини яратишга қизиқиш билдиришди.

Selfus компанияси раҳбари Алек Лури қайта ишланган шиналардан  қуёш панеллари, пол қопламалари, томчилатиб суғориш шланглари остига ўрнатиш ва тупроқ эрозиясидан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган тизимларнинг бир қисми сифатида «геогридлар» ишлаб чиқариш учун ишлатилиши мумкинлигини билдирди. Шиналарни йиғиш ва утилизация қилиш, қайта ишланган маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича тўлиқ циклга эга ушбу турдаги қўшма корхонанинг ташкил этилиши мамлакатимиздаги экологик вазиятни янада яхшилаш имконини беради.

Музокаралар натижасида томонлар ушбу лойиҳани Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича келишувга эришдилар.

Мatteco GmbH ва Selfus компаниялари раҳбарлари Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари билан мамлакатимизда чиқиндиларни қайта ишлашни янада ривожлантириш доирасида фойдаланилган шиналарни қайта ишлаш учун интеграциялашган технологияни жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш учун республикага ташриф буюришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

Мавзуга оид