08:46 / 13.03.2023
6732

Ҳиндистон Россия нефти учун нарх чегарасини бузмасликка қарор қилди

Bloomberg агентлигининг ёзишича, Ҳиндистон ҳукумати банклар ва трейдерларга Россияга қарши Ғарб санкцияларига риоя қилиш ҳақида буйруқ берган.

Фото: Andrey Rudakov/Bloomberg

Bloomberg маълумотларига кўра, Ҳиндистон ҳукумати Украинадаги уруши учун Россияга қарши Ғарб санкцияларига, жумладан, Россия нефтига нарх чегараси деб аталмиш санкцияларга риоя қилиш чораларини кўради. Агентлик 12 март, якшанба куни вазиятдан хабардор суҳбатдошларига таянган ҳолда, Нью-Деҳли ҳукумати банкирлар ва трейдерлардан Россиядан нефтнинг баррелига 60 доллардан жорий нарх чегарасига риоя қилишни сўраганини билдирди.

Улардан бирига кўра, Ҳиндистон яқинда бўлиб ўтган G20 йиғилиши доирасида АҚШ ва бошқа G7 давлатлари билан ушбу мавзу бўйича батафсил муҳокамалар ўтказган. Томонлар муҳокамалар натижаларидан қониқиш ҳосил қилдилар, дейилади маълумотда.

Сўнгги ойларда нефть импортига қарам бўлган Ҳиндистон Нарендра Моди ҳукуматининг энергия бозорида инфляцияга қарши курашнинг асосий воситаси бўлган арзонроқ рус нефтини импорт қилмоқда. Шу билан бирга, бир йилдан кўпроқ вақт олдин Ҳиндистон Россиядан деярли нефть сотиб олмаган. Айни пайтда Жанубий Осиё Россия учун асосий бозорга айланди, бу эса бошқа етказиб берувчиларни чиқариб юборишга мажбур қилди, дея таъкидлайди Bloomberg.

5 декабрдан бошлаб Европа Иттифоқи, G7 (Катта еттилик) мамлакатлари ва Австралия томонидан жорий қилинган Россия нефти баррелига 60 доллар даражасидаги нарх чегараси кучга кирди. 5 февралдан Россиядан нефть маҳсулотлари нархини чеклаш ҳам кучга кирди - хомашё турига қараб бир баррель учун 45 ва 100 доллар даражасида.

Bloomberg бир гуруҳ олимларнинг тадқиқотига таяниб, аввалроқ Россия нефтига нарх чегараси жорий қилинганидан сўнг унинг бир баррели ўртача 74 долларга тушгани ҳақида хабар берган эди, бу бир баррель учун 60 долларлик чегарадан чорак баравар юқорироқдир. Натижалар «Кремлнинг нефть долларларидан фойдаланишини тўхтатиш чоралари катта муваффақият бўлганини даъво қиладиган ҳукуматлар томонидан хавотир билан кутиб олинади», деб ёзади агентлик.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top