Жаҳон | 16:37 / 14.03.2023
4849
3 дақиқада ўқилади

Беларусда ўлим жазоси бўйича киритилган ўзгартиришлар кучга киряпти

Фото: AP

Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, давлатга хиёнат қилишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга ўлим жазоси назарда тутилган. Терроризмни тарғиб қилиш ва армияни обрўсизлантириш учун ҳам жазо белгиланади.

25 март куни Беларусда жиноий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга давлатга хиёнат қилганлик учун мансабдор шахслар ва ҳарбий хизматчилар учун ўлим жазоси, шунингдек, терроризмни тарғиб қилганлик ва армияни обрўсизлантириш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган тузатишлар кучга кирди. 14 март, сешанба куни Беларус миллий юридик интернет порталида «Жиноят жавобгарлиги тўғрисидаги кодексларга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун эълон қилинди

Ҳужжатда айтилишича, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради. 9 март куни қонунни Беларус раҳбари Александр Лукашенко имзолади. Қайд этилишича, ҳужжатнинг асосий мақсади «экстремистик (террористик) ва давлатга қарши жиноятларга қарши курашни кучайтириш»дир. 

Мансабдор шахс томонидан содир этилган «давлатга хиёнат учун» жиноий жавобгарлик давлат лавозимини эгаллаб турган барча шахсларга нисбатан қўлланади. Шу билан бирга, мансабдор шахс ёки ҳарбий хизматчи томонидан содир этилган «давлатга хиёнат учун» алоҳида жазо чораси – ўлим жазосини қўллаш имконияти жорий этилган. 

Давлатга қарши бир қатор жиноятлар учун 50 000 базавий бирлик (тахминан 740 000 АҚШ доллари) миқдорида жарима шаклида қўшимча жазо белгиланган. Ушбу чора, ўзгартиришлар муаллифларининг фикрича, «бундай қилмишлар натижасида етказилган зарарнинг сўзсиз қопланиши ва уларни содир этган шахсларни жиноий фаолиятини давом эттириш воситаларидан маҳрум этиш учун мўлжалланган». 

Шунингдек, қонунда «терроризмни тарғиб қилиш, қуролли кучлар, бошқа қўшинлар ва ҳарбий тузилмалар, ҳарбийлаштирилган ташкилотларни обрўсизлантириш ва давлат сирларини ҳимоя қилиш талабларини бузиш» учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Давлатга хиёнат қилиш, тил бириктириш ёки давлат ҳокимиятини эгаллаш мақсадида бошқа ҳаракатлар содир этиш, жосуслик ва яширин фаолиятни содир этишда гумон қилинган шахсларни қамоқда сақлаш муддати уч суткадан ўн суткагача оширилмоқда. 

Шу билан бирга, қонунда қўпорувчиликка тайёргарлик кўрган, лекин ўз ниятидан воз кечиб, жиноятнинг олдини олишга кўмаклашган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилган.

Мавзуга оид