Давлат думаси ҳарбий хизматга чақирув ёшини 30 гача оширишни таклиф қилди
Россия Давлат думасига тақдим этилган қонун лойиҳасига кўра, ҳарбий хизматга чақирилиш ёши уч босқичда 18 ёшдан 21 ёшгача оширилади. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилишнинг чекланган ёши 27 ёшдан 30 ёшгача оширилади.
13 март, душанба куни Думанинг Мудофаа қўмитаси раиси Андрей Картаполов бошчилигидаги бир гуруҳ Давлат думаси депутатлари Россия парламентига Россия армиясида ҳарбий хизматга чақирилиш ёшини ошириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди.
Қонун лойиҳасида «Ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш назарда тутилган. Ҳужжатга кўра, ҳарбий хизматга чақирилиш ёши уч босқичда 18 ёшдан 21 ёшгача оширилади. 2024 йилда 19 ёшдан ошган, 2025 йилда 20 ёшдан, 2026 йилдан 21 ёшдан ошган фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади. Муддатли ҳарбий хизматга чақирилишнинг чекланган ёши 27 ёшдан 30 ёшгача оширилади. Шу билан бирга, ҳарбий хизматни ўташ истагида бўлган фуқаролар чақирилиш ёши ошганига қарамай, 18 ёшдан бошлаб ҳарбий хизматга киришлари мумкин бўлади.
Бундан ташқари, депутатлар «Муқобил давлат хизмати тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритишни таклиф қилишди. Уларга киритилган ўзгартиришларга кўра, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар муқобил хизмат турини танлаши мумкин бўлади. Шу билан бирга, қуйи ёш чегарасини ошириш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ.
Таъкидланишича, ҳужжат кучга киргунга қадар муддатли ҳарбий хизматни ўташни кечиктириш ҳуқуқини олган шахслар «муддати тугагунга қадар ёки уларнинг асоси йўқолгунга қадар» бундан фойдаланиши мумкин.
Агар қонун қабул қилинса, у 2024 йил 1 январдан кучга киради.
Мавзуга оид
15:05 / 20.11.2024
Дума Украинада жанг қилаётганларнинг қарзидан кечиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди
11:10 / 18.10.2024
Давлат думасида релокантлар мулкини хатловга олиш таклиф қилинди
09:20 / 16.10.2024
Давлат думаси исён учун умрбод қамоқ жазосини биринчи ўқишда маъқуллади
20:38 / 30.09.2024