11:38 / 15.03.2023
35083

Ҳоланд бир соатда беш гол урди. ЕЧЛда кун ўйинлари

«Манчестер Сити» ҳужумчиси тарихий натижага эришди. Миланнинг иккинчи жамоаси ҳам чоракфиналда.

Фото: Getty images

Манчестер Сити — Лейпциг 7:0
Голлар:
Ҳоланд (22 пенальти, 24, 45+2, 53, 57), Гундўған (49), де Брюйне (90+2).
Манчестер Сити – Эдерсон, Аке, Диаш, Аканжи, Стоунз (Гомес, 64), Гундўған (Маҳрез, 55), де Брюйне, Грилиш (Фоден, 55), Силва, Родри (Филлипс, 63), Ҳоланд (Альварес, 63).
Лейпциг – Бласвих, Ҳенрикс (Клостерманн, 80), Орбан, Гвардиол, Раум, Кампль, Форсберг (Андре Силва, 63), Лаймер, Айдара (Симакан, 63), Собослаи (Ольмо, 72), Вернер (Поульсен, 63).
Огоҳлантиришлар: Ҳенрикс (21), Вернер (34), де Брюйне (67), Аканжи (77).
Биринчи ўйин — 1:1.

22 ёшда кўпчилик университетда ўқиётган ёки энди ўз ишини бошлаётган бўлади. Бундай ёшда одатда тажриба тўпланади ва кейинги фаолият учун илк қадамлар ташланади. Аммо Эрлинг Ҳоланд — ҳамма қатори эмас. Сешанба оқшомида у 22 ёш ва 236 кунлик эди. Кунигача аниқлик киритилиши бежиз эмас, чунки у ҳатто Килиан Мбаппени ортда қолдирди ва Чемпионлар лигасида 30 гол урган энг ёш футболчига айланди. Норвегиялик футболчи бошқа мезон бўйича ҳам энг яхшиси бўлиб олди — асосий еврокубокда бунча гол уриш учун унга 25 ўйин етарли бўлди.

«Манчестер Сити» форварди экстраординар мавсум ўтказмоқда. Мухлислар Месси ва Криштиану Роналдунинг рекордларига ўрганган эди, энди эса Мбаппе қайд этган рақамлар ҳам ҳайратланарли кўринмаяпти. Энди мухлислар Ҳоланд феноменига кўникишмоқда.

Скандинавиялик футболчи «Лейпциг» билан учрашув натижасини атиги 78 сония ичида ҳал қилди — Эрлингнинг биринчи ва иккинчи голлари орасида шунча вақт ўтди. Германияда ўтган биринчи ўйин дуранг натижа билан якунланганди, шундай экан, «Сити» 24-дақиқага келиб ҳисобни 2:0 кўринишига келтириши меҳмонлар учун амалда ҳукм ўқилиши эди.

Ҳисоб газонда бўлаётган воқеаларни тўла акс эттирарди. Дастлабки ярим соатда майдон эгалари дарвозага йўлланган зарбалар сони бўйича 8:0 ҳисобида устунликка эга эди, шундан еттитаси жарима майдони ичидан берилди (Де Брюйне томонидан жарима майдонидан ташқаридан йўлланган ягона зарбадан кейин қайтган тўпни Ҳоланд дарвозага жойлаб қўйди). Инглизлар тўпга эгалик қилиш бўйича ҳам тотал устунликка эга бўлди, аммо «Лейпциг» шу куни кўп жиҳатдан «Сити»га қулай ўйин кўрсатди — ўз дарвозаси атрофида ҳеч қандай автобус қўймади, қуйи мудофаа линияси ўрнатмади ва кичик фоллар тактикаси қўлламади. «МС» футболчилари Марко Розе жамоасининг юқори прессингидан хотиржам ўтишди ва рақиб футболчилари ортида кенг бўшлиққа эга бўлишди ва бу юқори суръатда амалга оширилди. Бундай ҳолатда немислар клубида имкон йўқ эди.

Учрашувга фақат ҳакамлик борасидаги баҳслар бироз соя солди. Ҳоланднинг биринчи голи тўп Ҳенрикснинг қўлига теккани учун қўйилган пенальтидан урилди, аммо барча ҳам бу вазиятни фол деб ҳисобламаганди. Кўп ўтмай «Сити» форварди дублни расмийлаштирди, кейин эса Эдерсон жарима майдони ташқарисига чопиб чиқиб,  Лаймерни йиқитди, бунинг учун унга қизил карточка кўрсатилиши керак эди. Аммо арбитр Славко Винчич баҳслашгани учун Вернерга сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланди.

Буларнинг барчаси биргаликда «Лейпциг»нинг руҳини туширди. Меҳмонлар ўзи хавфли вазиятлар ярата олишмади. Улардаги ягона хавфли вазият Родри жарима майдони ичида тўпни Лаймерга топшириб қўйганида бўлди. Биринчи бўлимнинг кейинги қисмидаги фаолликдан кейин немис жамоаси мухлисларида уйғонган умидни танаффус арафасида шафқатсиз Ҳоланд ўлдирди — форвард биринчи бўлимнинг ўзида ҳет-трикни нишонлади.

Бундай ҳолатда аксар мураббийлар тактикани ўзгартиради ва бошқа гол ўтказиб юбормаслик учун чуқур мудофаага ўтади ва қарши ҳужумлардан имкон излайди. Айримлар эса, йўқотадиган ҳеч нарса қолмагани туфайли олдинга ташланишда давом этиши мумкин.

Розе иккинчи тоифага киришини кўрсатди: «Лейпциг» «шаҳарликлар»га бўш зоналар қолдиришда давом этди ва 49-дақиқадаёқ тўртинчи голни қабул қилиб олди — бу сафар Гундўған узоқ масофадан зарба йўллаб дарвозани ишғол этди. Аммо Ҳоланд дастлабки 45 дақиқаликда ўз лимитидан фойдаланиб бўлмаганини кўрсатди — кейинги дақиқаларда яна иккита гол урди. Чемпионлар лигасининг асосий босқичида пента-трик — бундай даражани фақат Месси (2012 йилда «Барса» сафида «Байер»га қарши ўйинда) ва Луиз Адриану (2014 йилда «Шахтёр» сафида БАТЭ билан ўйинда) қайд этган.

Ҳоланд гекса-трикни расмийлаштиришга ҳам тайёр эди, аммо Пеп Гвардиола унга дам беришга қарор қилди ва 63-дақиқадаёқ Алваресга алмаштирди. «Сити» олтинчи голни ургач, ўйин темпини буткул пасайтирди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса де Брюйне ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди ва ҳисоб янада йирик кўриниш олди. 

Сафар ўйинидаги дурангдан ғазабланган инглизлар барча рақибларга даҳшат солган ҳолда чоракфиналга йўл олди, Ҳоланд эса яна бир бор ўзининг киборг эканини намойиш этди.

Милан жамоаси ўйин охиридаги шиддатга дош берди ва «аждарлар»нинг Европадаги кампаниясига нуқта қўйди.

Порту — Интер 0:0
Порту
– Диогу Кошта, Маркано, Фабиу Кардозу, Сануси (Венделл, 85), Урибе (Лоудер, 85), Груйич, Эуштакиу (Андре Франку, 71), Пепе, Торимий, Галено, Эванилсон (Тони Мартинес, 71).
Интер – Онана, Думфрис, Дармиан (Шкриньяр, 80), Ачерби, Бастони (де Врей, 74), Димарко (Д`Амброзио, 70), Мхитарян, Чалхонўғли, Барелла (Брозович, 80), Жеко (Лукаку, 70), Мартинес.
Огоҳлантиришлар: Дармиан (33), Жеко (69), Пепе (79), Ачерби (90).
Четлатиш: Пепе (90+7).
Биринчи ўйин — 0:1.

«Драгау»даги ўйин натижаси ҳар қанақасига «эртак» давом этишини англатарди: ёки миланча, ёки — португалча. «Интер» ва «Милан» биргаликда Чемпионлар лигаси чоракфиналига 2005/06 йиллар мавсумида чиқишганди. Ҳозирда «россонери» техник директори Паоло Мальдини ва «нерадзурри» вице-президенти Хавьер Дзанетти ўша вақтда ҳали майдонда ўйнашарди, жамоалар бош мураббийлигида эса Карло Анчелотти ва Роберто Манчини ўтирарди.

Португалияда эса ҳеч қачон бош еврокубокнинг кучли саккизлигида иккита жамоа бўлмаган. «Интер»да Симоне Индзаги тайинлангунига қадар жамоа тўққиз йил мобайнида плей-оффда ўйнамаган бўлса, «Порту» бу муддат ичида уч бор чоракфиналга чиққан. Тўртинчи бор бу натижага эришиш йўлида эса кадрлар муаммосига дуч келинди. Аслида ҳужумкор амплуа вакили бўлган Пепе Акино бу мавсумда ўнг қанот ҳимоячиси ролини бажаришига тўғри келмоқда, ҳал қилувчи ўйинда эса майдон марказида дисквалифиция қилинган Отавиу етишмади.

ЖЧ-2022 иштирокчиси — «аждарлар» сафидаги энг ижодкор фигура ҳисобланади ва мезбонларнинг биринчи бўлимдаги пассивлиги айнан унинг йўқлиги билан изоҳланиши мумкин. Шунингдек, португаллар «Интер»нинг қарши ҳужумга ўтишини инобатга олиб эҳтиёткор ҳаракатланди. Масалан, Мхитарян ва Барелла уюштирган ҳамда Жеконинг зарбаси билан якунланган ҳужум каби. Бу ҳужум «Порту» сафида шу куни 100-ўйинини ўтказган Диогу Коштани қаттиқ асабийлаштирди дейиш қийин, аммо бу эпизод португаллар учун анча хавотирли эди.

Мезбонларнинг ўйин бошида олдинга ўтиши Урибенинг зарбаси дарвозанинг узоқ «тўққизлиги»дан бир неча сантиметр наридан ўтиб кетиши билан якунланди. Қолган ҳужумларни эса «Интер» мудофааси ишонч билан қайтарди. «Аждарлар» фақат бўлим охирига келиб рақибни қамал қилди ва ҳатто жарима майдони ичида комбинациялар уюштирилди. Рақиб ҳимоячилари орасида узатмалар жуда чиройли чиқди, энг ёрқин эпизод эса қулай позицияга чиқиб борган Эванилсонга кесиб ўтувчи пас бўлди, лекин бу хавфни зарба йўлига ташланган Димарко бартараф этишга улгурди.

Фақат бу шунчаки эпизод эди — тизимли ҳужумлар йўқ эди. Манчестерда Ҳоланд голларни қалаштираётган маҳалда, Портуда ўйин арқон тортиш ўйинини эслатарди. Мезбонлар гол ура олмади, меҳмонларга гол унчалик керак ҳам эмасди. Ўз уйида гол ўтказмасдан минимал ҳисобда ғалаба қозонган «Интер»ни ўйиннинг бориши тўла қаноатлантирарди.

Тўғри, умумий устунлик қалтис эди ва барчасини тасодифий зарба ўзгартириб юбориши мумкин эди. Масалан, Груич жарима майдони ичида тўпни ўзига бўйсундириб, зарба йўллаганида Онана илк бор жамоасини чинакамига қутқаришига тўғри келди. Шундай экан, Индзаги Лукакуни майдонга тушириш орқали, ҳужум чизиғини янгилашга қарор қилиши мантиқий эди. Белгиялик ҳужумчи 2011 йилда «Челси»га трансфер бўлганидан буён энг нурсиз мавсумини ўтказмоқда, лекин Миландаги ўйинда ягона голга айнан у муаллиф бўлганди.

«Порту» ўйиннинг охирги қисмини даҳшатли ўтказди. Бу эътиборни «Драгау»даги ўйинга қаратишни талаб этадиган дақиқалар бўлди.

Марканонинг ҳужумидан кейин Дюмфрис тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб қолди. Торемийнинг яқин масофадан бош билан йўллаган зарбасидан кейин тўп Онананинг бармоқларига теккан ҳолда дарвоза устунига борди. Ва ниҳоят Груичнинг яна бир зарбаси дарвоза тўсинига тегди. Бу дақиқаларни «Интер» мухлислари юрак ҳовучлаб ўтказди. Аммо миланликлар бардош берди ва кейинги босқичга ўтиб, қуръани кутадиган бўлишди. «Порту» эса фақат ўзини айблаши — ва кейинги евромавсумни кутиши керак.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top