08:58 / 18.03.2023
11334

Оқ уй Путинни ҳибсга олиш бўйича ХЖС ордерига изоҳ берди

Оқ уй Халқаро жиноий суднинг Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер тақдим этиш ҳақидаги қарорига изоҳ берди. 

Фото: iStock

«Халқаро жиноий суд прокурори мустақил шахс бўлиб, ўз қўлидаги далиллар асосида ҳукм чиқаради. Уруш жиноятларида айбдор бўлганлар жавобгарликка тортилиши керак», дейилади баёнотда.

«Россия Украинада уруш жиноятлари ва ваҳшийлик содир этаётганига ҳеч қандай шубҳа йўқ», деди АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс.

Аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд Россия президентини ҳибсга олишга ордер берганига қарамай, Путин билан гаплашишга тайёрлиги маълум қилинганди. Бу ҳақда БМТ бош котиби идораси вакили Стефан Дюжаррик айтиб ўтди.

«Биз бош котиб олдидаги муаммоларни ҳал қилиш учун ким билан гаплашиши керак, деган позицияда турибмиз», деди Дюжаррик. БМТ спикерининг сўзларига кўра, бундай масалалар контекстида ХЖС БМТ Котибияти билан ҳуқуқий жиҳатдан боғлиқ эмас. Шунга кўра, Путин БМТ учун персона нон грата бўлмайди.

Агар Путин Рим статутини ратификация қилган, шунингдек, ХЖС юрисдикциясини тан олган давлатлардан бирига ташриф буюрса, маҳаллий ҳокимият органлари уни ҳибсга олишлари керак. Гап 123 та давлат, жумладан Европанинг барча мамлакатлари, Жанубий Америка, шунингдек, Тожикистон, Жанубий Африка, Афғонистон, Марказий Африка Республикаси ва Нигерия ҳақида бормоқда.

Халқаро жиноий суд Путинни ҳибсга олишга ордер бергани ҳақида 17 март куни ХЖС сайтида хабар берилган. Суд Россия президентини ҳарбий жиноятларда, хусусан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда гумон қилмоқда. Путин «ушбу жиноятлар учун бевосита, бошқа шахслар билан биргаликда ёки бошқа шахслар орқали, шунингдек, ушбу ҳаракатларни содир этган фуқаролик ва ҳарбий хизматчилар устидан тегишли назоратни амалга оширмагани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин», дейилади хабарда.

Худди шундай ҳибсга олиш ордери Россия президенти ҳузуридаги Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳам чиқарилган. ХЖС қарорида айтилишича, Ҳаага суди «у юқоридаги жиноятлар учун шахсан жиноий жавобгарликка тортилиш учун етарли асосларга эга, чунки у бу қилмишларни бевосита, бошқа шахслар билан биргаликда ва/ёки бошқа шахслар орқали содир этган».

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top