Жаҳон | 16:47 / 18.03.2023
8875
2 дақиқада ўқилади

Шольц ХЖСнинг Путин бўйича ордери ҳақида: Ҳеч ким қонундан устун эмас

Фото: Reuters

Германия федерал канцлери Олаф Шольц Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берилганини олқишлади

«Ҳеч ким ҳуқуқ ва қонундан устун туролмайди», деди Шольц 18 март куни Токиога ташрифи чоғида. 

Халқаро жиноий суд «мақсадлари халқаро шартномаларга мувофиқ белгиланадиган муҳим институт ҳисобланади», дея қўшимча қилиб ўтди у.

Аввалроқ Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Ҳаагадаги суднинг Владимир Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги қарорини «айбдорларни жавобгарликка тортиш» жараёнининг бошланиши деб атаганди.

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суднинг Россия президенти Владимир Путинни «болаларни Украинадан Россияга ноқонуний равишда депортация қилиш ва Россияга юбориш ҳарбий жинояти учун» ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги қарори «айбдорларни жавобгарликка тортиш жараёнининг бошланиши», деди 17 март куни Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел. «Жазосизлик бўлиши мумкин эмас», деб ёзди Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Twitter'да.

«Кимки Путин каби қонли урушни қўзғатса, у учун суд олдида жавоб бериши керак», - деди Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) гуруҳига берган интервьюсида Германия адлия вазири Марко Бушман. Бушман ХЖСнинг Путинни ҳибсга олиш ҳақидаги ордерини «қатъиятнинг муҳим белгиси» деб атади ва «изчил жиноий таъқиб учун махсус трибунал яратиш» ҳақида ўйлашга чақирди.

Киев ҳам ХЖС қарорини ижобий баҳолади. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берган Халқаро жиноий суддаги иш ҳақиқий истиқболга эга. 

Мавзуга оид