Путин илк бор Донбассда. У Россия вайрон қилган Мариуполда бўлди
Украинага босқиннинг илк даврида Россия қўшинлари ушбу шаҳарни вайрон қилган, кейин эса шаҳар РФ таркибига қўшиб олинганди.
РФ президенти Владимир Путин Қримдан кейин Донбассга ҳам ташриф буюрди. ТАСС агентлиги қайд этишича, унинг ушбу регионга илк сафари бўлмоқда. Бу шунингдек унинг 2022 йил кузида Украинанинг Россия томонидан аннексия қилинган ҳудудларига қилган илк ташрифидир. Аввалроқ Кремлда Путин Донбассга «вақти келганда» бориши ҳақида айтишганди.
Кремл матбуот хизмати хабар беришича, Путин Мариупол шаҳрига ишчи ташрифини амалга оширган. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Путин шаҳарга 18 март куни кечқурун, 19 мартга ўтар кечаси ташриф буюрган. «Верстки» журналистлари Путин чиндан ҳам Мариуполда бўлганини тасдиқлади.
Кремлдан айтишларича, президент Мариуполга вертолётда учиб борган, кейин эса автомобилга ўтириб, шаҳарнинг бир қанча районларини айланган. Хусусан, у драма театри олдидаги хиёбонни ва бошқа «диққатга сазовор жойлар»ни, шунингдек «тикланган филармония» ва университет биноларини кўздан кечирган.
Мариуполга ташрифдан кейин Путин Ростовдаги қўмондонлик пунктида йиғилиш ўтказган, бу ерда РФ Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов билан учрашган.
Путинга бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин ҳамроҳлик қилиб, шаҳардаги қурилиш ва тиклаш ишлари бориши тўғрисида ҳисобот берган. Россия давлат нашрлари сафар видеоларини эълон қилишди.
Хуснуллин бошқа нарсалар қатори Путинга Украина қўшини чекиниш чоғида гўёки турар жойларни ўққа тутгани ҳақида гапирган. «Улар қилган ишлар яққол кўриниб турибди. Биз юриш қилган жойларда снаряд зарбалари умуман бўлмаган. Улар томондан танклар билан аниқ зарбалар берилган, чекинатуриб — уйларни ўққа тутишган. Зарба беришган ва вайрон қилишган», — деган вице-премьер. Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари гўёки шаҳар шифохоналаридаги жасадлар ва жиҳозларни ҳам миналаган. «Бундайларни нацик дейишади. Нормал одамлар бундай қилишмайди», — дея қайд этган Путин.
Ташриф давомида Путин вайрон бўлган уйлари ўрнига янги уй олган маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашган. РИА Новости россияликлар президенти «Невский» микрорайони аҳолиси билан учрашгани акс этган видеони тарқатди. Учрашувда қатнашган аёллардан бири Путинни «кутгани» ва у учун «дуо қилиши»ни айтган. Президентнинг унга Невскийда яшаш ёқадими дея берган саволига жавобан шундай деган: «Жуда ҳам. Бу биз учун жаннатнинг бир бўлаги».
«Верстка» учрашувда иштирок этганлардан бирининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасини аниқлади ва у чиндан ҳам Мариуполда яшашини тасдиқлади.
«Можем объяснить» телеграм-канали Мариуполда яшовчиларнинг Путин ташрифи муносабати билан ижтимоий тармоқларда қолдирган постларига эътибор қаратди. Журналистлар қайд этишича, Путин олиб келинган «Невский» — «амалда тўлиқ вайрон бўлган шаҳарда қайтадан қурилган ягона микрорайон ҳисобланади». Телеграм-канал Мариуполнинг бошқа районларида яшовчиларнинг чатидан қуйидаги иқтибосларни келтирган:
«Афсус, у бизнинг чап соҳилда, майдондаги уйимизга келмади! Деразаларсиз, эшикларсиз, ичимлик суви ва иссиқликсиз уйимизга. Келганида маҳаллий аҳоли билан гаплашган бўларди».
«Уни нега у ерга, уйлар бутун қолган ва янги уйлар қурилган жойга олиб боришди. Ҳеч ким унга вайрон бўлган уйларнинг пойдевори остидаги бўш чуқурларни кўрсатмайди».
«Биз ***** бу ерда ҳеч кимга керак эмасмиз. Барчаси телевизордаги картинка учун, Россиядаги одамлар кўриши учун қилинмоқда».
Путиннинг Мариуполга ташрифи Кремл пулидаги журналистлар ва амалдорлар учун ҳам кутилмаган ҳол бўлган, дея ёзади «Верстка». Худди унинг аннексия қилинган Қримга 18 март куни амалга оширган ташрифи каби. Нашр ташрифнинг фото ва видеоларида РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу, шунингдек «ДХР» раҳбари Денис Пушилин йўқлигига эътибор қаратган. «Верстка» буни Путиннинг Донбассга ташрифи олдиндан режалаштирилмаганини кўрсатувчи далил деб ҳисоблаган.
Кейинроқ Кремл вакили Мариуполга сафар ва Ростовдаги қўмондонлик пунктида ўтказилган йиғилиш олдиндан режа қилинмагани ҳақида хабар берди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Путин Мариуполни амалда кортежсиз айланган.
Россия Мариуполни 2022 йил баҳорида, икки ярим ой давом этган қамал натижасида эгаллаганди. «Азовстал» заводида мудофааланган украин ҳарбийларининг сўнгги гуруҳи май ойига келиб таслим бўлганидан кейин шаҳар узил-кесил РФ қўшинлари назоратига ўтганди. Мариуполнинг қонуний ҳукуматига кўра, Россия оккупацияси вақтида шаҳардаги уйларнинг ярми ва инфратузилмаларнинг 90 фоизи вайрон бўлган.
Феврал ойидан буён Украинадаги манбалар фронт чизиғидан 80 километр ичкаридаги Мариуполда портлашлар бўлаётгани ҳақида хабарлар бера бошлади. Украина томони ҳам шаҳарга Украина қуролли кучлари ракеталари етиб борганини хабар қилган. Мариуполнинг РФ томонидан тайинланган ҳукумати ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга тушгани ҳақида хабар қилган, аммо вайронгарчиликлар бўлганини рад этган. Украина қуролли кучларидан маълум қилишларича, Мариупол энди украин ҳарбийлари «мутлақо етиб бора олмайдиган» йўналиш эмас.
Мавзуга оид
23:01 / 21.11.2024
Путин Днепрга «Орешник» баллистик ракетаси ёрдамида зарба берилганини маълум қилди
20:56 / 21.11.2024
Путин Пхенян ҳайвонот боғига шер ва иккита айиқ совға қилди
11:15 / 21.11.2024
Путин Трамп билан Украинада ўт очишни тўхтатишни муҳокама қилишга тайёр — Reuters
09:28 / 21.11.2024