Жаҳон | 10:14 / 21.03.2023
9075
2 дақиқада ўқилади

БМТ глобал исиш билан курашиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди

ИЎХЭГ раиси инсоният учун яшашга яроқли, барқарор келажакни таъминлаш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.

Фото: skynews

Ҳароратнинг кўтарилиши, табиий офатлар ва экотизимларнинг қайтарилмас деградацияси бутун дунёда инсон ҳаёти ва табиати учун тобора хавфли бўлиб бормоқда, дея огоҳлантиради етакчи олимлар БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи (ИЎХЭГ) томонидан 20 март, душанба куни чоп этилган янги ҳисоботда.

Ҳозиргача глобал ҳароратнинг хавфли чегарадан 1,5 даражадан ошиб кетишининг олдини олиш бўйича қилинган саъй-ҳаракатлар «иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун етарли эмас», дейди экспертлар, лекин ҳали кўп вариантлар мавжудлиги таъкидланади.

«Иқлим бўйича самарали ва адолатли ҳаракатни жорий этиш нафақат табиат ва одамларга йўқотиш ҳамда зарарни камайтиради, балки кенгроқ фойда келтиради», деди ИЎХЭГ раиси Ҳёсеонг Ли. Унинг сўзларига кўра, ҳисобот «кўпроқ амбицияли чоралар кўриш зарурлигини таъкидлайди ва агар биз ҳозир ҳаракат қилсак, барибир ҳамма учун яшашга яроқли, барқарор келажакни таъминлашимиз мумкинлигини кўрсатади».

ИЎХЭГ ҳисоботида айтилишича, глобал исишни саноатгача бўлган даражадан 1,5 даража Цельсийда ушлаб туриш «барча секторларда парник газлар ташламаларини сезиларли, тез ва доимий равишда камайтиришни» талаб қилади. Улар аллақачон пасайиш босқичида бўлиши керак ва 2030 йилга бориб, 2015 йилги иқлим бўйича Париж келишувида кўрсатилганидек, исишни 1,5 даражагача чеклаш учун деярли икки баравар камайтириш керак бўлади. Олимларнинг ёзишича, яшашга яроқли ва барқарор келажак учун имкониятлар ойнаси тезда ёпилмоқда.

«Иқлим бомбаси секин чиқилламоқда. Бироқ бугунги ИЎХЭГ ҳисоботи иқлим бомбасини қуролсизлантириш бўйича қўлланма ҳисобланади. Бу инсоният учун омон қолиш бўйича қўлланма», деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш видеомурожаатида.

Мавзуга оид