Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 апрел куни Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган Минтақавий экологик саммитнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Арманистон президенти Ваагн Хачатурян, Гуржистон бош вазири Ираклий Кобахидзе ва Озарбойжон бош вазири Али Асадов ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам қатнашди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевни саммитнинг муваффақиятли ташкил этилгани билан самимий табриклаб, унинг экологик хавф-хатарларнинг ўзаро боғлиқлиги ва уларни биргаликда ҳал қилиш зарурлигини ўзида мужассам этган «Барқарор келажак учун умумий нигоҳ» деган бош ғоясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Президент мазкур учрашув ўтган йили Самарқанд иқлим форумида бошланган мулоқотнинг мантиқий давоми эканини таъкидлаб, Марказий Осиё давлатларининг экологик дипломатияси тизимли ва изчил тус олиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганидан мамнунлигини таъкидлади.

Ўзбекистон етакчиси бугунги кунда экологик муаммоларни глобал иқлим ўзгаришларидан айри ҳолда кўриб чиқиб бўлмаслигини қайд этди.

«Глобал исиш суръатларининг тезлашиши давом этмоқда, Марказий Осиё минтақасида эса ҳарорат икки баробар тезроқ кўтарилмоқда. Минтақа музликларининг қарийб учдан бир қисми йўқолди, ёғингарчилик тартибининг беқарорлиги кузатилмоқда, сув ресурслари танқислиги ортиб бормоқда. Ер майдонларининг 80 миллион гектари аллақачон деградацияга учради», – деди давлат раҳбари.

Глобал экологик бирдамлик заифлашаётганидан чуқур хавотир билдирилди. Ривожланаётган мамлакатлар иқлим ўзгариши билан боғлиқ молиялаштириш, илғор технологиялар ва инновациялардан ўз вақтида ва адолатли фойдаланиш имконияти билан таъминланиши муҳимлиги таъкидланди.

Марказий Осиё давлатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналиши даражасига кўтаришга муваффақ бўлгани мамнуният билан қайд этилди.

Буни «яшил» кун тартибини илгари суриш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича бир қатор муҳим, стратегик аҳамиятга эга минтақавий дастурлар қабул қилингани ҳам тасдиқламоқда.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлаш бўйича кўрилаётган тизимли чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтди.