Ўзбекистон | 08:47 / 21.03.2023
49460
5 дақиқада ўқилади

“Нон ҳамма нарсанинг бошидир” – советлар давридан қолган одат ҳақида

Собиқ иттифоқ республикаларида нон деярли ҳамма овқат билан истеъмол қилинган. Ҳатто бу мустақилликдан кейин ҳам кўп давлатларда сақланиб қолган. Ўзбекистонда хамирли овқатларни ҳам нон билан ейдиганлар топилади. Бунинг сабаби нимада?

Фото: Kun.uz

Собиқ иттифоқ ҳали парчаланмаган йилларда деярли барча республикалардаги ошхоналар пештахтасига “Нон ҳамма нарсанинг бошидир (Хлеб — всему голова!)” деган ибора илиб қўйилган. Нон ҳар қандай овқат билан истеъмол қилинган. Ҳаттоки уни турли хил хамирли овқатлар билан ҳам ейишган. Бу одат ҳозиргача давом этиб келади. Буни Ўзбекистонда 3-4 кун туриб кетган меҳмон ҳам сезиши қийин эмас. Иттифоқ даврида ноннинг бунчалик эъзозланишига сабаб ота-боболардан қолган одат бўлганими ёки арзонлигими? Ёки бунга очарчилик қолдирган жароҳатлар сабабми?

Танқислик сезилмаган ягона маҳсулот

Совет даврида яшаган одамлар қаҳатчилик сўзини тез-тез тилга олишади. Дўконларда кийим-кечак ёки озиқ-овқат учун навбатга туришлар, дўконга келган нарсаларнинг тез-тез тугаб қолгани ҳақида айтилган ҳикоялар кам бўлмаса керак. Етишмовчилик китобдан то ичкийимларгача сезилганини айтишади. Бундай танқислик, албатта озиқ-овқат маҳсулотлари учун ҳам бўлган. Лекин нон ҳақида бундай деб бўлмайди. Аксинча, етишмовчилик сезилмаган ягона маҳсулот нон дейиш мумкин.

Ноннинг нархи бошқа бирламчи маҳсулотлар каби давлат томонидан белгиланган. Бундан ташқари, давлат аҳолининг барча қатламлари қурби етадиган бўлиши учун нон устидан доимий назорат қилган. Масалан, 1960-йилларда оқ бўлка нон 14 тийин турган. Бу нарх иттифоқнинг сўнгги 10 йиллигида ҳам сақланиб қолган.

ССCР тарқалиб кета бошлагач нон нархи кўтарилди. Лекин бу кўтарилиш яхши томонга бўлди. Олдин нон арзон эди, лекин сифати ҳақида бундай деб бўлмайди. Секин-секин новвойхоналарнинг пайдо бўлиши билан ноннинг турли хиллари пайдо бўлди. Ва ҳатто бу нонлар олдингиларидан анча яхши ҳам эди.

30-йиллардаги очарчилик

Ноннинг жуда эъзозланиб ва ҳатто севиб истеъмол қилинишининг яна бир сабаби очарчилик дейиш мумкин. Совет иттифоқи 2 та йирик очарчилик даврини бошдан кечирган. Биринчиси – 1930-1933-йилларда давом этган бўлса, кейингиси 1946-1947-йилларда эди.

1930–1933-йиллардаги очарчиликда 5,7 миллиондан 8,7 миллионгача одам қурбон бўлгани айтилади. Ўша йиллари совет иттифоқида биринчи беш йиллик режа доирасида қишлоқ хўжалигини мажбурий коллективлаштиришга киришилди. Тез саноатлаштиришга ўтиш мақсадида қишлоқ хўжалигида ишчи кучи камайди. Натижада иттифоқнинг асосий дон етиштирувчи ҳудудлари бўлган Украина, Шимолий Кавказ, Волгабўйи, Қозоғистон, Жанубий Урал ва Ғарбий Сибирда одамлар очлик қурбони бўлдилар.

Бу пайтда Сталиннинг қулоқлаштириш сиёсати ҳам авж олганди. Бундан азият чеккан одамлар чорва молларини ўлдириб, экинларни ёқиб юборишган. Бу ҳаракатлар ҳам маълум маънода очарчиликнинг кучайишига сабаб бўлган.

Нон ва навбатдаги очарчилик

Кейинги очарчилик даври 1946 йилнинг ўрталаридан то 1948 йилларга тўғри келади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу очарчилик сабаб 1 миллионга яқин киши вафот этган бўлиши мумкин. Украинанинг ўзида 300 минг, Молдовада 100 минг одам ўлгани айтилса, СССРнинг қолган республикалари ва Беларусда 500 минг киши ўлгани қайд этилган.

Тарихчилар 40-йиллардаги очарчиликка бир нечта омилни сабаб қилиб кўрсатишади.

  • II Жаҳон уруши СССР инфраструктурасига жуда катта зарар етказган. 25 миллион одамидан ажралган давлатнинг айниқса қишлоқ хўжалиги хароб ҳолга келганди. 1945 йилнинг августидан 1946 йилнинг ёзигача озиқ-овқат танқислиги кучая бошлади.
  • Боз устига аскарларнинг урушдан қайтиши туғилишни кўпайтириб юборди. Бунга тизим ҳали тайёр эмас эди.
  • Очарчиликка 1946 йилдаги қурғоқчилик ҳам таъсирини кўрсатмай қолмади. Ҳосил 1945 йилдагидан паст бўлди. Ўша йилги қурғоқчилик 1891 йилдан бери кузатилган энг оғири бўлгани айтилади.
  • Ҳукумат дунёга заиф кўринишни истамагани учун озиқ-овқат экспортини давом эттирди ва халқаро ёрдам олишдан бош тортди.

1948 йилда йиғиб олинган мўл ҳосилгина одамларни очликдан қутқарган. Бундай очарчиликларни эслаш собиқ иттифоқ раҳбарларига доим ҳам ёқмаган, тезроқ унутилишини исташган. Аммо бу даҳшатларни одамлар хотирасидан бутунлай ўчириб ташлашнинг иложи йўқ. Ҳозиргача бу ҳақда бобо ва бувилар невараларига, ота-оналар фарзандларига, улар эса кейинги авлодларига гапириб беришади. Балки, шунинг учун ҳам нонни исроф қилмаслик, уни эъзозлаш ҳақида кўп гапиришади.

Мавзуга оид