Жаҳон | 16:33 / 26.03.2023
18928
3 дақиқада ўқилади

Миллион йиллик Гранд канйонлар – дунёнинг энг қадимий мўъжизасидан фотожамланма

АҚШнинг Аризона штатида миллионлаб йил аввал пайдо бўлган Гранд канйонлар жойлашган. Ер сайёрасидаги энг ноодатий геологик объект ва унинг атрофидаги ҳудуд ҳар йили миллионлаб сайёҳларни ўзига жалб этади. Kun.uz ижодий жамоаси АҚШга сафари давомида Grand Canyon миллий паркидан фотожамланма тайёрлади.

Дунёдаги энг чуқур канйонлардан бири ҳисобланган – Буюк Канйон (Grand Canyon) АҚШнинг Аризона штати Колорадо платосида жойлашган. Сайёрадаги энг ноодатий геологик объект – ер қобиғининг тахминан 65 миллион йил олдинги ҳаракатидан сўнг Колорадо платоси кўтарилган. Платонинг кўтарилиши – Колорадо дарёсининг қиялик бурчагини ўзгартирган, натижада дарё тезлиги ва йўлидаги тоғ жинсларини емириш қобилияти ортади. Олимлар фикрига кўра, ушбу ҳодисалар натижасида тахминан 5-6 миллион олдин йил Буюк канйонлар юзага келган.

Канйоннинг узунлиги 446 км, кенглиги эса 6 километрдан 29 километргача чўзилади. Унинг умумий пастки сатҳи – бир километрдан камроқ, лекин энг чуқур жойи 1857 метрни ташкил қилади.

Канйон ва унинг атрофидаги ҳудудлар АҚШ ҳукумати ҳимоясига олинган ва 1919 йилдан умумий майдони қарийб 5 минг км/кв бўлган Grand Canyon миллий парки ташкил қилинган. Объект дунёнинг еттита табиий мўъжизалари қаторида бўлиб, 1979 йилдан бери ЮНEСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига ҳам киритилган.

Канйоннинг шимолий тарафида кўриш нуқталари жуда кам, асосий сайёҳлар ташриф буюрадиган нуқталар канйоннинг жанубий қисмида, Аризона штатида жойлашган.

Канйон жойлашган Миллий парк ҳудудига кириш машиналар учун ҳафтасига 35 доллар, пиёдалар учун ҳафтасига 20 долларни ташкил қилади. Парк ҳудудида меҳмонхоналар, кўриш нуқталари бўйлаб автобуслар ва сайёҳлар учун барча шароитлар мавжуд.

Парк ва канйон ҳудудига кўпроқ ёз ва куз ойларида бориш тавсия қилинади. Чунки ҳудудда айни вақтда ҳам қор бор ва ноқулай об-ҳаво туфайли баъзи кўришга арзийдиган жойлар сайёҳлар учун ёпиқ.

Миллий парк ва канйон ҳудудида асл ёввойи табиат иложи борича ўз ҳолида сақлаб қолишга ҳаракат қилинган. Канйоннинг бир тарафида қалин ўрмонзорларни ёки у ерда айланиб юрган кийик ва олмахонларни ҳам учратиш мумкин.

Миллий парк АҚШ учун иқтисодий жиҳатдан ҳам жуда фойдали. Ҳар йили бу ерга 4 миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳлар келади. Бу рақамлар эса мамлакатда қўшимча юз миллионлаб доллар ва ўн минглаб ишчи ўрнини яратади. 

Фаррух Абсаттаров, Муҳаммаджон Ғаниев.
25 март, Аризона штати, АҚШ.

Мавзуга оид