Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

БМТ судида Исроилга қарши эшитув бошланди

БМТ Халқаро суди Исроилнинг Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги фаластинликларга гуманитар ёрдам кўрсатиш мажбуриятларини муҳокама қилишни бошлади. Бу жараён БМТ Бош Ассамблеясининг мурожаати ортидан бошланди. Асосий сабаб — Исроилнинг UNRWA агентлиги фаолиятини тақиқлаши ва Ғазога ёрдам киритишни чеклаши бўлди.

БМТ март ойидан бери ёрдамнинг тўхташи Ғазода ҳалокатли оқибатларга олиб келаётганини билдириб, Исроилни халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирди.

7 октябрдан буён Ғазода ҳалок бўлганлар сони 52 минг 314 кишига етди. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сўнгги сутка ичида 71 киши ҳалок бўлиб, 153 киши яраланган.

Исроил 18 мартдан қайта бошлаган ҳужумлар натижасида 2222 фаластинлик ҳалок бўлган, 5751 киши жароҳат олган. Жаҳон ҳамжамияти Ғазодаги вазият юзасидан жиддий ташвиш билдирмоқда.

Покистон Ҳиндистон ҳужумига тайёрланмоқда

Покистон мудофаа вазири Ҳавожа Асиф Ҳиндистон армиясининг Покистон ҳудудига бостириб киришини «муқаррар» деб атади. Reuters агентлигига берган интервьюсида у мамлакат кучлари мустаҳкамланганини ва стратегик қарорлар қабул қилинганини маълум қилди.

Асифнинг сўзларига кўра, Покистон армияси ҳукуматни эҳтимолий ҳужум ҳақида олдиндан огоҳлантирган. Ҳозирда Исломобод Хитой, Форс кўрфази давлатлари, Буюк Британия ва АҚШ билан алоқада эканини ҳам қайд этди.

22 апрел куни Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатидаги теракт ортидан икки давлат ўртасида кескинлик янада ошган. Ҳиндистон Покистонни айблаган ва чегарани ёпган. Покистон эса ҳарбий тайёргарликни кучайтирди.

Икки давлат ҳам ядровий қуролга эга бўлиб, Ҳавожа Асиф ядро қуроли фақат тўғридан-тўғри таҳдид ҳолатида қўлланишини таъкидлади. Ҳиндистон эса кескинлик шароитида ракета синовларини амалга оширган.

Путин Украинада қисқа оташкесим эълон қилди

Россия президенти Владимир Путин 9 май — фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Украинада қисқа муддатли оташкесим эълон қилди. Кремл маълумотига кўра, Россия қўшинлари 7 май ярим тундан 10 май ярим тунгача ҳарбий операцияларни тўхтатади.