Жамият | 16:02 / 26.03.2023
68298
14 дақиқада ўқилади

Тарихдан сабоқлар: Ўзбек халқи ва номининг шаклланиши

Ўзбек халқи ва номининг келиб чиқиши ҳақида кўплаб тахминлар ва фаразлар мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўзига яраша асосга эга. Ўзбек номининг шаклланиши шу номдаги халқнинг пайдо бўлиши билан узвий боғлиқдир.

Фото: Kun.uz

Манбаларда «ўзбек» номини XIII асрдан бошлаб учратиш мумкин. Жумладан, араб манбаларида Дашти Қипчоқда яшовчи туркий-мўғул қабилаларга нисбатан «ўзбек» номи ишлатилган. Mашҳур хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг Ўзбектой исмли саркардаси бўлган. Худди шу даврда Озарбойжонда ҳукмронлик қилган Отабегилар давлатининг ҳукмдорларидан бирининг исми ҳам Музаффариддин Ўзбек эди.

Ўзбек номининг асоси бўлган ном — бу Олтин Ўрда хони Ўзбекхон исмидир. 1312-1342 йилларда Олтин Ўрдани бошқарган, мўғуллар орасида илк бор ислом динини давлат динига айлантирган Ўзбекхон ўз даврининг энг кучли ҳукмдорларидан бири эди. Унинг даврида Олтин Ўрда ўз қудратининг чўққисига эришган.

Ўзбекхон

Тарихчи олим, венгриялик шарқшунос Ҳерман Вамбери «Мовароуннаҳр ёхуд Бухоро тарихи» асарида ўзбек номи ва халқининг Ўзбекхонга боғлиқлигини шундай тасвирлайди:

«Турк халқининг қадимдан қолган бир одати бор: агар ҳукмдорлардан бирортаси мамлакатни яхши идора қилса ёхуд мамлакатга янги бир усул ва тартиб киритиб, ўзига хос хизмат кўрсатса, унинг номини мангу қолдиришга интиладилар. Шу тариқа, у бир тарафдан ўзининг ҳукмдорини қавм бошлиғи ўрнига қўядида, бу билан баробар ҳукуматнинг ривож йўлига ва умумжаҳон тарихига киришини гўзал бир суратда ифода қилади. Масалан, биз бу ҳолни Салжуқийлар ва Усмонийлар мисолида кўришимиз мумкин.

Худди шу анъана Кўк Ўрданинг шарқида, Волга дарёси билан Орол денгизи орасида яшовчи турк-мўғул қабилаларида ҳам мавжуд; улар Жўжи сулоласидан тўққизинчи ҳукмдор бўлган Ўзбекхон исмига нисбат бериб, ўзларига бир сиёсий қўшма ном — ўзбек номини қабул қилганлар (Ўзбекнинг ҳарфан маъноси «шахсан» ўзига мустақил хўжайин, эркин демакдир).

Шоён диққатга сазоворки, бу сўз муҳим маъноли унвон исми бўлиб, эски мажорларда (венгерларда) ҳам учрайди. Шу мазмунда 1150 йилларга оид ҳужжатларда ҳам бу ибора мавжуд. Абулғозий Баҳодирхон «Шажарайи турк» асарида бу ҳақда шундоқ нақл қилади: «У (Ўзбекхон) ҳар кимни хизматига қараб ҳурмат ва тақдир этар эди. У ўз халқини ислом динига киргизди ва у орқали кўп одамлар ислом динига мушарраф бўлди. Шу боис Жўжи халқи ўзига ўзбек исмини қабул этди ва бу ном охирги замонгача қолажакдир».

Ҳаммер Пургштал ҳақли равишда айтганидек, Ўзбекхон ўз халқининг маҳдийсигина эмас, балки қипчоқ тахтига зийнат берган тўрт улуғ ҳукмдорнинг (кейинги учтаси — Боту, Берка, Тўхтамиш) учинчиси ҳам. Араб сайёҳи Ибн Баттута тарафидан зикр этилган ҳамда темурийлар ҳокимияти вақтида зоҳир бўлган бу ном Ўзбекхоннинг ўзи даврида ҳам, ундан кейинги йилларда, яъни унинг насллари ҳукмронлик қилган пайтларда ҳам бир муҳим вазифани бажармади. Фақат 150 йилдан сўнг, Олтин Ўрда давлати тўрт қисмга бўлиниб, Иван Грозний юқори Волгада Жўжи авлодининг ҳукмронлиги тугатгач, ўзбек сиёсий номга айланди. Шундан сўнг биз ўзбекларнинг ҳокими Абулхайрхоннинг Сарой ҳокимиятига итоат қилишдан бош тортганини кўрамиз», дейди Вамбери.

Оддийроқ сўзлар билан айтадиган бўлсак, Олтин Ўрданинг қудратли хони Ўзбекхон ислом динини қабул қилади ва мамлакат аҳолисига ҳам ушбу динга ўтишни буюради. Бош тортганлар шафқатсиз жазоланади. Шундай бўлса-да, Ўрда аҳолисининг катта қисми яширинча ўз динида қолаверади.

Ислом динини қабул қилган, Ўзбекхон ва Олтин Ўрда саройига яқин инсонлар «Ўзбекхон динини қабул қилганлар» ёки «ўзбеклар» деб атала бошланади. Секин-аста ислом дини кенг тарқала бориши билан ўзбеклар сони ҳам ортиб боради ҳамда Дашти Қипчоқдаги кўплаб туркий ва мўғул қабилалари ўзбек номини ўз номи сифатида қабул қилади.

1282-1350 йилларда яшаб ўтган тарихчи ва географ Ҳамдуллаҳ Қазвиний ўзининг «Тарихи Ғузида» (Танланган тарих) асарида Олтин Ўрдада яшовчи халқларга нисбатан «ўзбекиян» номини қўллайди ва Шарқий Дашти Қипчоқни «мемлакети ўзбек» деб атайди.

Бу орқали билишимиз мумкинки, ХIV аср ўрталариданоқ ўзбек номи халқ номи сифатида ишлатила бошланган.

Баъзи тахминларга кўра эса, «ўзбек» номи Дашти Қипчоқда Ўзбекхондан олдин ҳам мавжуд бўлган. Хусусан, Улуғбекнинг «Тарихи арба улус» (Тўрт улус тарихи) асарида Ўзбекхоннинг тахтга ўтириши ҳақида шундай дейилган — «Ўзбек улуси унга берилди».

Шундай қилиб, Олтин Ўрда парчалангач, Абулхайрхон бошчилигидаги ўзбеклар жануби-шарққа юриб, Сирдарё бўйида «Ўзбек улуси»га асос солади. Айнан шу даврда ўзбек ва қозоқ халқларининг ажралиши юз беради. Яъни Абулхайрхон билан зиддиятга борган баьзи қабила сардорлари Ўзбек улусини тарк этади ва алоҳида хонликка асос солади. Айнан бир илдизга эгалиги сабаб ўзбек ва қозоқ уруғлари деярли бир хил.

Абулхайрхон ҳукмронлиги даврида ўзбеклар Сирдарё шимолида муқим ўрнаша бошлайди. Улар Темурийлар ҳукмронлик қилаётган Мовароуннаҳр ишларига ҳам тез-тез аралашиб туради. Хусусан, Абулхайрхон таниқли темурийзода Улуғбекка ўзининг қизини узатади. Улуғбек фожиали тарзда ҳалок бўлгач, Абулхайрхон бошқа темурий шаҳзода Абу Саидга тахтни эгаллашда ёрдам бериш учун Самарқандга юриш қилади ва Улуғбекнинг қизи Робия Султон Бегимни ўз нигоҳига олади.

Бироқ Абулхайрхон 1468 йилда вафот этгач, унинг давлати тахт учун ички курашлар оқибатида таназзулга юз тутади. Ўзбек улуси ерлари Қозоқ хонлиги томонидан босиб олинади. Абулхайроннинг авлодлари қочиб кетиб, Дашти Қипчоқ ва Мовароуннаҳрдан паноҳ топади.

Улардан бири, Абулхайрхоннинг невараси Шайбонийхон бобоси давлатини тиклаш учун кураш бошлайди. Сирдарё бўйидаги шаҳарларни бўйсундирган Шайбонийхон 1499 йилда ички урушлардан заифлашиб қолган Темурийлар давлатига ҳужум қилади. Темурийлардан унга фақатгина Бобур Мирзо жиддий қаршилик кўрсатади. Шайбонийхон ва темурий Бобур Мирзо кураши ўзбек шаҳзодасининг ғалабаси билан тугайди.

Мувороуннаҳрда Дашти Қипчоқ ўзбеклари ҳукмронлиги ўрнатилади.

Шайбонийхон 1510 йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан жангда фожиали тарзда ҳалок бўлади. Бироқ унинг авлодлари, Убайдуллахон ва Муҳаммад Темур 1512 йилда Сафавийлар ва Бобурнинг бирлашган қўшинини тор-мор этиб, Мовароуннаҳр устидан ҳукмронликни сақлаб қолади. Бу ерда минтақа аҳолисининг шиа сафавийларидан кўра, сунний ўзбек шаҳзодаларни қўллаб-қувватлаши ҳам катта рол ўйнайди.

Ўзбек улуси

Худди шу даврда Дашти Қипчоқ ўзбеклари Мовароуннаҳрда иккинчи ўзбек давлатига асос солади. Бу Хива хонлиги эди. Хива хонлигига ҳам Жўжининг бешинчи ўғли Шайбон авлодлари асос солади. Хива хонлигининг биринчи хони Элбарсхоннинг отаси Буреке султон Ўзбек улуси тахти учун курашда Шайбонийхон томонидан ўлдирилган эди. Шу сабаб Хивадаги ўзбек хонлари ва Бухородаги ўзбек элитаси ўртасида зиддият мавжуд эди. Бироқ уларнинг ҳар иккиси ҳам Дашти Қипчоқ ўзбеклари бўлиб, Абулхайрхоннинг «Ўзбек улуси» давлатида яшаган.

Шайбонийхон Мовароуннаҳрни эгаллаб, янги ўзбек давлатига асос солгач, Дашти Қипчоқдаги руслар ва қозоқлар ҳужумидан чарчаган юзлаб ўзбек қабилалари шиддат билан Мовароуннаҳрга кўчиб кела бошлайди. Уларнинг бу миграцияси бутун Шайбонийлар ва Аштархонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида давом этади.  Жумладан, Аштархонийларнинг ўзи ҳам Дашти Қипчоқдан Бухоро хонлигига Шайбонийхондан ярим аср кейин, 1558 йилда келганди.

Ҳар икки хонликка ҳам ўзбеклар кенг кўламда кўчиб келиб ўрнашади.

Ўзбекларнинг йирик миграцияси ортидан ўлкада туркий уруғларнинг сони кескин ошади ва туркий тил форс тилини Мовароуннаҳрдан тамомила сиқиб чиқаради.

Бу ерда ҳозирги ўзбек халқи аждодларининг барчаси Дашти Қипчоқдан XVI асрда кўчиб келган, ўлканинг бундан олдинги тарихида ўрни бўлмаган деган маъно йўқ.

Туркий уруғларнинг Мовароуннаҳр ёхуд ҳозирги Ўзбекистон ерларида муқим ўрнаша бошлаши ХI асрдан, Қарлуқ-қорахонийлар давридан бошланган эди. Кейинги асрларда ҳам турли туркий қабилаларнинг минтақага миграцияси тўхтамаган. Аммо улар ўзбек деб аталмаган.

ХVI асрдан Ўзбекистон заминига кириб келган туркий ўзбек қабилалари бу ерда олдиндан яшаб келаётган бошқа туркий қабилалар билан аралашиб, қўшилиб кетади. Зеро, бу даврда ҳали миллий бирликлар шаклланмаган, ўлка халқлари ўзларини биринчи навбатда мусулмон ва туркий деб ҳисоблар эди. Мовароуннаҳрнинг мусулмон туркий қабилалари ва Дашти Қипчоқнинг мусулмон ўзбек уруғлари тезда бир-бири билан ассимиляцияга киришади.

Халқларнинг миллий этногенези жуда мураккаб жараён, шу жумладан ўзбек халқиники ҳам. Унда жуда кўплаб халқлар, қабилалар ва уруғлар иштирок этган, бироқ уларнинг катта қисми туркий халқлар эди ва бу туркийларнинг катта қисми ХVI асрдан минтақага кириб кела бошлаган ўзбеклар эди.

Европаликларнинг 1735 йилги Марказий Осиё харитаси

Ўзбек қабилаларнинг йирик миграциясидан сўнг Шайбонийхон асос солган давлат Ўзбеклар юрти ёки Ўзбекистон деб атала бошланган.

Масалан, Сафавийлар шоҳи Таҳмасп ўз ҳужжатларида Шайбонийлар давлатини Ўзбакистон деб атаган. Минтақа шоирларидан Турди Фароғий илк бор «Ўзбекистон» атамасини қўллаган:

Дур аҳду танг чашму бесару яъжуж вазʼ,

Мухталиф мазҳаб гуруҳи ўзбакистондур бу мулк.

Ёхуд

Тор кўнгулли беклар, манман деманг кенглик қилинг,

Тўқсон икки бовли ўзбек юртин тенглик қилинг.

Шайбонийлар ва Жонийлар бошқарган Бухоро хонлигининг иккинчи номи Ўзбекистон ҳисобланиб, ўша даврдаги Европа хариталарида ҳам Бухоро ерлари Ўзбакистон деб ёзилган. Шу тариқа, ўзбек номи халқ ва давлат номига айланади ҳамда қадимги Мовароуннаҳр аҳолисининг катта қисми ўзини ўзбеклар деб атай бошлайди.

Ўзбеклар асос солган Бухоро ва Хива хонликларида ўзбек бирлиги мустаҳкам бўлган. Ҳукмрон сулола ўзбек бўлгач бошқалар ҳам ўзбек бўлишга ҳаракат қилган. Хонликларда ўзбекларни аниқлаш учун 92 ўзбек уруғи рўйхати ҳам тузилган. У орқали қайси уруғлар ўзбек номига эга бўлиши кўрсатилган.

Бироқ ўзбек халқи ва унинг уруғларни ажратолмаслик ҳоллари ҳам кўп учраган. Оддий аҳоли кўп ҳолларда манғит, қўнғирот, қиёт каби уруғ номлари ва ўзбек номининг фарқига бормаган. Асосан пойтахтлар аҳолиси ўзини тўлиқ ўзбек деб атаган.

Қўқон эса ўзбек марказларидан узоқроқдалиги ҳамда қозоқ ва қирғиз уруғлари ҳам ҳудудда кўплиги боис бироз мураккаброқ вазиятда бўлган, аммо бу ерда ҳам ўзбек бирлиги барибир кучли бўлган. Буни қўқонлик шоира Анбар Отиннинг ушбу мисраларидан ҳам билиш мумкин:

Қўшилиб мулки Фарғона ўрусга бу саро бўлди,

Ўрус ўзбек элига бир туғушгандек ағо бўлди.

Тўғри бу шерда аслида жуда ёқимсиз маьно бор, аммо тарихий манба ўлароқ бу мисралар Қўқон хонлиги аҳолиси ҳам ўзбек деб аталганини тасдиқлайди.

Бироқ Марказий Осиёда француз инқилобидан сўнг пайдо бўлган замонавий аниқ миллий бирликлар бўлмаган албатта. Европада французлар бошлаб берган миллий бўлинишни ўзлаштирган руслар Марказий Осиёни босиб олгач, бу ерда ҳам миллий бирликларни шакллантиришга киришади. Халқларни миллатларга бўлишда асосан кўчманчилик ва ўртоқликка таянилади: ўзбек, қирғиз ва қозоқлар кўчманчилар деб ҳисобланади.

Ўтроқ аҳолидан сунъий сарт миллатини яратишга ҳаракат қилинади. Лекин жадидлар ва миллат фидойилари хизмати билан Марказий Осиёда сунъий миллат яратиш лойиҳаси амалга ошмайди. Аксинча, жадидлар «ўзбек» номини кўпроқ қўллаб, аҳоли орасида ушбу номни кенг тарқатади. Улар ўтроқ аҳоли ўзбек эканлигини таъкидлаб, Москвадагиларни ҳам бунга ишонтиради.

Россия империяси қулатилиб, большевиклар ҳокимиятга келгач, улар империячиларнинг эмас, жадидларнинг миллий ўзликлар борасидаги қарашларини қабул қилади. Шу асосда 1924 йилги миллий-чегараланишлар ўтказилиб, Ўзбекистон ССР давлати ташкил қилинади ҳамда унинг таркибига ўзбеклар яшовчи Бухоро амирлиги, Хива ва Қўқон хонликлари ерлари киритилади. Тожикистон АССР ҳам тарихан ўзбеклар ҳукмрон бўлган хонлик таркибида бўлгани боис, Ўзбекистон ССР таркибида қолдирилади. Бироқ орадан 4 йил ўтиб алоҳида республика сифатида ташкил этилади.

Совет тарихчилари ўлка халқларини бир-биридан узоқлаштириш учун уларнинг тарихи, тили ва бошқа ўзликларини сунъий равишда ўзгартирди. Хусусан, ўзбеклар тарихи Дашти Қипчоқдан келган ўзбекларга эмас, милоддан аввалги даврларда яшаган қабилаларга боғланди. Шайбонийхон ва Бобур кураши асносида бутун шайбонийлар ва улар билан келган ўзбеклар ёмонотлиқ қилинди.

Ўзбекистон давлати шу тариқа пайдо бўлди, ривожланди, тарқалди. Ўзбек номи ва ўзбек халқи фақатгина 1924 йилда ташкил топган деган қараш мутлақо асоссиз ва хатодир.

Ўзбек номи бир неча асрлар давомида ишлатилди ва машҳур бўлди. Ўзбек халқи аждодлари бу номни ва бу номдаги халқ яшовчи ерларни юзлаб йиллар давомида бошқарди ва ҳимоя қилди.

Муҳаммадқодир Собиров

Мавзуга оид