Ўзбекистон | 22:27 / 27.03.2023
19429
2 дақиқада ўқилади

Социологлар Ўзбекистонда одамлар қанчалик саховатли эканини аниқлашди 

Жаҳон хайрия индексида Ўзбекистон 25-ўринни эгаллади. 

World Population Review веб-сайтида эълон қилинган 2023 йилги саховат индексида Ўзбекистон 124 давлат орасида 25-ўринни эгаллади.

The World Giving Index - бу давлатнинг хайрия фаолияти даражасини мониторинг қилувчи индекс. У 2010 йилда Англиянинг Charities Aid Foundation компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Рейтинг Америка Гэллап институти томонидан олиб борилган тадқиқотлар асосида тузилади. 

Маълумотлар шаҳар аҳолиси ўртасида ўтказилган сўровлар натижаларига асосланган бўлиб, пул маблағларини хайрия қилиш, хайрия тадбирларида иштирок этувчилар миқдори (%), шунингдек, мамлакат аҳолисининг хайрия ва кўнгиллилар фаолиятига умумий муносабатини ҳисобга олади. Шунингдек, эҳтиёжмандларга пул ёрдамидан ташқари бошқа кўмак турлари ҳам инобатга олинади. 

Мамлакат рейтингда қанчалик юқори бўлса, хайрия ишларига шунчалик кўп одамлар жалб қилинган ҳисобланади. 

Шу асосда индекс маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 35 фоизи хайрия қилади, 54 фоизи бегоналарга ёрдам қўлини чўзади ва 33 фоизи кўнгиллилик билан шуғулланади. 

Ўзбекистонда хайриянинг умумий даражаси 41 фоизни ташкил этади - бу дунё рейтингида 25-ўрин. 

Рейтингда биринчи ўрин АҚШ ва Мьянма фуқароларига тегишли - 58%. Шунингдек, Янги Зеландия (57%), Австралия (56%) ва Ирландия (56%) юқори бешликка кирган. 

Энг қуйи ўринларни Яман (17%), Греция (16%) ва Хитой (16%) эгаллаган.

Мавзуга оид