10:44 / 27.03.2023
7492

Туркманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди

Туркманистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Кузатувчиларга кўра, собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов бошчилигидаги Халқ кенгаши мамлакатда парламентдан кўра кўпроқ ваколатга эга.

Фото: ritmurasia

Туркманистонда 26 март, якшанба куни конституциявий ислоҳотдан сўнг илк парламент (Межлис) сайловлари бўлиб ўтди. Маҳаллий ҳокимият ва ўзини ўзи бошқариш органларининг аъзолари сайланди. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 7:00 дан 19:00 гача очиқ бўлди.

Ашхободдаги Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бу сайловларга бир қанча сиёсий партиялар, жумладан Туркманистон Демократик партияси, Туркманистон Аграр партияси, Туркманистон Саноатчилар ва тадбиркорлар партияси, шунингдек, фуқаролар гуруҳларидан 175 нафар номзод кўрсатилган. 

Айни пайтда, ғарб кузатувчилари Туркманистондаги сайловларни эркин деб ҳисобламайди. AFP агентлигига кўра, сайлов бюллетенларига бирорта ҳам мухолифатчи сиёсатчи киритилмаган. «Чегара билмас мухбирлар» рейтингида Туркманистон энг қуйи поғонада – КХДР, Эритрея ва Эрон каби давлатлардан кейин жойлашган.

Республикани 16 йилдан бери Бердимуҳамедовлар оиласи бошқариб келади. 2022 йилнинг март ойида узоқ муддатли давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукумат жиловини ўғли Сердарга топширди, бироқ сиёсий ҳаётдан чиқиб кетмади. Январь ойида у 2021 йилда ўзи ташкил этган парламент юқори палатасини тугатишга чақирди.

Ислоҳот бир овоздан маъқулланди, шундан сўнг Гурбангули Бердимуҳамедов янги олий конституциявий орган – Туркманистоннинг ички ва ташқи сиёсати йўналишини белгиловчи, шу тариқа парламентдан кўра кўпроқ ваколатга эга бўлган «Халқ кенгаши» деб аталадиган ташкилот раҳбари этиб тайинланди.

Top