Эронни ким бошқаради?

Эрон Ислом Республикасининг сиёсий тузуми ўзига хос, чунки у ўзида республикавий ва теократик хусусиятларни мужассамлаштирган. Унинг асосида “вилояти фақиҳ” тамойили ётади. Унга кўра, энг нуфузли фақиҳ, яъни шиалар руҳонийси ва шариат қонуншуноси давлат раҳбари — раҳбар бўлиши керак. У қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини бошқарган ҳолда, давлат устидан “ҳомийлик” (вилоят)ни амалга оширади.

Бундай бошқарув тамойилининг замонавий кўринишига 1969–1970 йилларда Ислом инқилобининг бўлғуси етакчиси ва Эроннинг биринчи олий раҳбари (1979–1989) оятулло Руҳулло Ҳумайний асос солган. Ушбу доктрина 1979 йил 2–3 декабр кунлари ўтказилган референдумда қабул қилинган Конституцияда мустаҳкамланган.

Эрон Конституциясининг 5-моддасида акс этган расмий шиалик таълимотига кўра, раҳбар 874 йилда отаси имом Ҳасан ал-Асқарий вафотидан кўп ўтмай ғойиб бўлган ўн иккинчи имом Муҳаммад ибн ал-Ҳасаннинг тўлақонли ваколатга эга вакили ёки ноиби (валийи амр) ҳисобланади. Эрон шиалари эътиқодича, у қиёмат куни мўминлар ҳузурига халоскор сифатида қайтади. Унгача эса жамоатга фақат малакали ва обрўли уламолар раҳбарлик қилиши мумкин.

Шу боис олий раҳбар диний ва давлат ҳокимияти соҳасида расман кенг ваколатларга эга. У Эроннинг ички ва ташқи сиёсатини белгилайди, президент ва ҳукумат қарорларини тасдиқлайди, вазирлар тайинлашни назорат қилади. Шунингдек, у қуролли кучларнинг олий бош қўмондони ҳисобланади, судяларни, жума имомларини, вилоят губернаторларини ва олий ҳарбий раҳбариятни, жумладан, қуролли кучлар бирлашган штаби бошлиғи ҳамда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондонини тайинлайди.

Оятулло ва раҳбар бошқа-бошқа тушунча

Олий раҳбар лавозимини кўпинча оятулло деб аташади, аммо бу тўғри эмас: оятулло (Аллоҳнинг нишони, белгиси) — шиалар имомлиги руҳоний иерархиясидаги унвонлардан биридир. 1989 йилгача раҳбар «оятулло ал-узмо» («энг буюк оятулло») унвонига мос келувчи маржаъ ат-тақлид (тақлид учун намуна) деган олий диний мақомга эга бўлиши шарт эди. Аммо 1989 йилда Конституцияга киритилган тузатишлар билан олий раҳбарга қўйиладиган талаблар юмшатилди: ҳар қандай нуфузли мужтаҳид, яъни ислом ҳуқуқи (шариат)ни яхши биладиган, ижтиҳод - Қуръон ва суннат асосида ҳуқуқий масалалар бўйича мустақил хулоса чиқариш ҳуқуқига эга уламо раҳбар бўла олиши мумкин.

Али Хоминаий раҳбар этиб сайланган пайтда анча паст диний унвон — ҳужжат ал-ислом («ислом далили»)га эга эди ва ижтиҳод қилиш ҳуқуқига эга эмасди. У фақат олий раҳбар этиб сайланган куни оятулло деб эълон қилинган. У уламолар томонидан ўз нуфузи маржаъ ат-тақлид ва оятулло ал-узмо деб эътироф этилишига муваффақ бўла олмади.