Запорижжя АЭСдаги ҳарбийлар ва Часив Ярдаги ҳаёт. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 399-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Украина баҳорда қарши ҳужум бошламоқчи — бу катта эҳтимол билан, апрел-май ойларида рўй беради, деб маълум қилди мамлакат мудофаа вазири Олексий Резников Эстониянинг ERR телерадиокомпанияси эфирида.
- Америкадаги Урушларни ўрганиш институти таҳлилчиларига кўра, «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари Бахмутдаги АЗОМ металларни қайта ишлаш заводини эгаллаган ва эндиликда шаҳар ҳудудининг учдан икки қисмини назорат қилмоқда. ХҲК раҳбари Евгений Пригожин Бахмут учун жанг «Украина армиясини амалда яксон этгани ва афсуски Вагнер ХҲКни ҳам яхшигина тўзитгани»ни маълум қилди.
- Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллеснинг тасдиқлашича, АҚШ Россия армияси йўқотишларини яраланганлар ва ҳалок бўлганлар қўшиб ҳисобланганда тахминан 220 минг кишига баҳоламоқда.
- Дмитрий Песков Украинага кенг миқёсли босқинни — «бизнинг мамлакатга қарши бошланган гибрид уруш» деб атади ва бу уруш «узоқ давом этиши»ни айтди. Бунга жавобан Зеленскийнинг офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк «урушни дипломатик йўл билан якунлаш мумкинлигини» айтди — «агар Россия босиб олинган ерларни зудлик билан тарк этса».
Оккупация остидаги Запорижжя АЭС
Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Рафаэл Гросси 29 март куни станция оккупация остидаги регионнинг Москва томонидан тайинланган раҳбарияти томонидан қандай сақланаётганини текшириш мақсадида Запорижжя АЭСга ташриф буюрди.
Ташриф якунларига кўра, Гросси станциядаги вазият яхшиланмаганини маълум қилган — ҳамон унинг ҳудуди атрофида ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, шу туфайли Европадаги энг йирик АЭСда авария рўй бериши таҳдиди сақланиб қолмоқда.
Запорижжя АЭС 2022 йил сентябридан буён электр энергияси ишлаб чиқармайди — фақат реакторларни совитиш учун зарур бўлган тизимлар ишлайди. ХАЭА ходимлари ва кузатувчилари доим станцияда бўлиб туришади.
Россиялик ҳарбийлар Запорижжя АЭСни 2022 йил 4 мартида эгаллаган. Шундан буён станция ҳудудига отрядлар жойлаштирилган — Россия томонига кўра, Украина ҚК АЭСга ҳужум қилишга тайёрланган. Киев буни рад этади ва РФ армиясини АЭСдан «ядро қалқони» сифатида фойдаланишда, шунингдек станцияни ўққа тутишда (масалан, 2022 йил 19 ва 20 ноябр кунги зарбалар, ўшанда ядро реакторларига жуда яқин масофада ўндан ортиқ портлашлар рўй берган) айблаган. Ўтган вақт давомида Рафаэл Гросси Украина ва Россия уруш шароитида станция муҳофазаси бўйича келишувга эришиши учун уриниб келади.
Гроссининг Запорижжя АЭСга ташрифи съёмкаси россиялик ҳарбийлар назоратида амалга оширилган.
Часив Ярдаги ҳаёт
Часив Яр — Донецк областининг Бахмутдан 13 километр ғарбда жойлашган шаҳридир. Бахмутдаги Украина қўшини таъминоти олиб бориладиган асосий йўл Часив Яр орқали ўтади — шу туфайли Россия қўшини шаҳарни мунтазам равишда ўққа тутиб келади. Шунга қарамай, бу ерда тинч аҳоли вакиллари қолиши давом этмоқда. Қуйида ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига яқин масофада оғир шароитларда яшаётган аҳоли ҳаёти акс этган суратлар.
Краматорск вокзалидаги украиналик жангчилар ва уларнинг яқинлари
Мавзуга оид
22:59 / 26.11.2024
Украина – Жанубий Корея: кутилмаганда пайдо бўлган иттифоқ
19:07 / 26.11.2024
Украина армиясига ёлланган британиялик Россияда асирликка тушди
17:41 / 26.11.2024
«Путин доим ҳужумга тайёр, Трамп – табиатан девелопер». Меркелнинг мемуаридан парчалар
13:20 / 26.11.2024