Жамият | 16:41 / 31.03.2023
26430
7 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистондаги энг зўр жараёнлардан бири” — иқтисодчи “Ташаббусли бюджет” ҳақида

Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов “Open budget”ни шак-шубҳасиз сақлаб қолишга чақирди. “Бу лойиҳа бошқа муаммоларга ишора қиляпти холос”, дея танқидларга муносабат билдирган иқтисодчи танқидчиларга мурожаат қилди: “Давлат қилиб бериши керак эди-ку деб, йиллар давомида кутиш керакми?”

Мен учун бу лойиҳа ҳалигача Ўзбекистонда охирги йилларда содир бўлган энг зўр жараёнлардан бири. Бу ҳақда аввалроқ бир неча маротаба ёзганман.

Биринчидан, “ўзбекистонликлар ўз солиқлари тақсимланишида, маҳаллий сайловларда ва фуқаролик жамияти қуришга қизиқиш билдирмайдилар, биз бошқачамиз, биз унга ва бунга тайёр эмасмиз” мазмунидаги шаблон гапларни баъзида эшитамиз. Шу гаплар тўғри эмаслигига далилни айнан “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси кўрсатиб бермоқда десам ҳам бўлади. Бироз бўлса ҳам фуқаролик жамияти пайдо бўлаётгани, фуқаролар ўз солиқлари тақсимотида фаоллашиб бораётганлари фақат ва фақат яхши эмасми?

Иккинчидан, аслида “Open budget” парламент қилиши керак бўлган ишни қиляпти. Бюджет, солиқ тўловчиларнинг пуллари тақсимоти аслида, парламентда халқ вакиллари орқали бўлиши керак эди. “Open budget” атрофидаги ҳозирги фаоллик бизга шу жараён кейинги босқичда чинакамига парламентга кўчишига, туман, ҳудудлардан сайланган депутатлар ўз овоз берувчиларига нима кераклигини бошқа халқ вакиллари олдида баҳслашиб келишишларига, ва ниҳоят парламент деган институт тўлиқ ташкил топишига умид беради.

Учинчидан, эркинлик ва ривожланишнинг гарови ўша оддий саволларда ва унга жавоб излашда ётади: “Солиқларим қаерга кетяпти, нималарга сарфланяпти? Нима учун менинг солиқларим тақсимоти менсиз бўляпти?” Бу саволлар сизни ўйлантириши керак, уни беришингиз, жавоб излашингиз керак.

“Ташаббусли бюджет”га қарши танқидий фикрда бўлганлар айтади: “Бу нарса учун давлат бор-ку, бу лойиҳаларнинг барчаси ўзи қилиниши керак бўлган ишлар-ку. Биз солиқларни тўлаб қўйганмиз-ку, вазифамизни бажариб қўйганмиз-ку, энди давлат ўз ишини қилсин, ахир улар маош оладилар, улар бунга мажбур”. Ҳа, балки, лекин давлат ота эмас, у бизга ҳамма нарсани муҳайё қилиб берадиган куч ҳам эмас. Давлат бу одамлардан алоҳида текисликда фаолият олиб борадиган идора, мавҳум машина ҳам эмас, балки шу одамларнинг ўзи томонидан вақтинча тайинланган бошқарув институти. У самарали ишлаши учун унга “checks and balances” керак, унинг кучи тийилиб, фаолияти назоратда бўлиши лозим. Солиқ тўловчи ўз солиқларини вакиллари орқали бошқа солиқ тўловчининг вакиллари билан келишиб-баҳслашиб тақсимлашлари, унинг ижроси устидан назоратда бўлиши кераклигини қайта-қайта эслаб туришимиз лозим.

Тўртинчидан, мени қувонтираётган кузатувлардан бири инсонларда “бу бизнинг пулимиз, давлатники эмас, давлат бизнинг туманга, қишлоққа қачон пул ажратаркан, қачон асфальт қилар экан деб кутиб ўтиргунча, ўзимиз шуни фаолроқ бўлиб қилсак бўлар экан”, деган тушунчалар кўпаймоқда. Оддийгина рақамларга кўра, бу мавсумги лойиҳада шу дамда қарийб 13,4 миллион ўзбекистонликлар овоз берибди. Жуда катта рақам-ку бу.

Энди овоз бериш жараёнига келсак.

Тўғри, у мукаммал эмас, баъзи техник муаммолари балки бордир, шубҳасиз буларни бартараф этиш ва жараённи такомиллаштириш керак. “Open budget”ни танқид қилаётганлар айнан овоз бериш жараёнидаги муаммолар ёки табиий вазиятларга урғу беришяпти.

Биринчи масала, бу бир овоз учун моддий рағбат, товар бериш қанчалик ўринли? Қаранг, ўтган йили бир овоз учун 1 литр сув таклиф қилинаётган эди, бу йил эса овоз қиймати анча ошибди. Чунки одамлар билишмоқда, ҳар бир овознинг қийматини. Лекин овоз бериш воситаси бўйича мен унчалик катта хавотирда эмасман, исталган сайловларда овоз берувчининг овозини олиш учун қандайдир маънавий рағбат, ваъда ёки моддий нарса берилади, уни қандай қилиб бўлса ҳам қизиқтириш керак. Исталган сайловлар шундай ўтади. Кимдир машҳур артистларнинг Instagram’и орқали, кимдир блогернинг канали орқали, кимдир кўчада, бекатларнинг ёнида овоз олиш кампаниясини олиб бормоқда. Энг муҳими, овоз берувчида кимгадир овоз бериш имконияти пайдо бўляпти. Менда битта овоз бор, шартли асфальт қилишга овоз берайми, ёки мактаб томини ёпишгами деган яхши дилемма пайдо бўлмоқда. Парламентда ҳам мана шундай дилемма туради аслида.

Иккинчи масала, шартли бир маҳалладаги фаоллар 1 миллиардлик лойиҳани ютиб олиш учун айтайлик 100 миллион пул харажат қилишди дейлик. Бу харажат овоз олишга ўша 1 литр сув, ёки бошқа моддий маркетингга кетди. Баъзилар “бу нарса ғирт хато-ку, нима учун улар авваламбор солиқларини тўлаб, ундан кейин маҳаллага асфальт қилиш имкониятини ютиб олиш учун чўнтаклардан яна 100 миллион ишлатишмоқда?” деган саволни беришади. Гап шундаки, бу маҳалладошлар айнан рационал ва пухта ҳисоб-китоб қилган ҳолда ҳаракатланишмоқда деб айтиш мумкин. Қаранг, микро даражада одамлар йиғилиб “cost-benefit” анализ қилиб, “break-even point”ни аниқлаган ҳолда лойиҳага қўл уришган.

Учинчи масала бу овоз йиғиш жараёнида мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари ва бошқа бюджет ишчилари мажбурий-ихтиёрий равишда қатнашаётгани айтилиши, кўчада ўқитувчилар овоз олиш учун “ялиниб” юришлари қанчалик тўғри деган ўринли савол берилиши мумкин. Агар шундай бўлса, муаммо бу ерда “Open budget”да эмас, балки аксинча, “Open budget” бошқа муаммога ишора қиляпти холос, менимча. У ҳам бўлса, ўша эски муаммо – жойларда мажбурий меҳнат, буйруқбозлик аломатлари. “Open budget”парламентнинг барометри бўлгани каби, бошқа мавжуд бўлган муаммоларни ҳам юзага чиқариб беряпти.

Мана шу ва бошқа овоз беришдаги баъзи логистик камчиликларни деб фуқаролар ўз солиқларининг бевосита тақсимланишида қатнашишни бошлаганликларини бекор қилишимиз менимча хато бўлади. Айтайлик, “Open budget” танқидчиларга ёқмади ва уни бекор қилиш керак дейишмоқда. Альтернатива қандай? Статус-квони қолдириш керакми? Ҳеч ким солиқлар тақсимотида қатнашмасин, бундай имкониятдан маҳрум этилсин ва жойларда қаерни асфальт қилиш, қаерга ичимлик сув ўтқазиш ва қайси мактаб томини ёпишни фақат ва фақат давлат қилиб бериши керак эди-ку деб, йиллар давомида кутиш керакми?

Ботир Қобилов,
иқтисодчи, Ҳарвард университети докторанти

Мавзуга оид