Жамият | 17:03 / 05.04.2023
15542
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Тошкентда уч қитъани бирлаштирган чарм-пойабзал кўргазмаси иш бошлади

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида  илк бор “UzCharmExpo-ShoesStar-Eurasia- 2023” чарм, пойабзал, атторлик, мўйна, жун, қоракўл ва маҳалийлаштирилган маҳсулотлар кўргазмаси ўз ишини бошлади. “Ўзчармсаноат” уюшмаси ҳамда “ShoesStar” халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган саноат анжумани Марказий Осиёдаги энг йирик кўргазмалардан бири саналади. Форум Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги кўмагида ташкил этилди.

Бу галги экспозиция географиясидан Буюк Британия, Испания, Германия, Португалия, Миср, Туркия, Венгрия, Полша, Латвия, Хитой, Жанубий Aфрика ва бошқа давлатлари ўрин олди. Анжуманнинг фахрий меҳмонлари орасида Халқаро чарм ишлаб чиқарувчилар кенгаши, Халқаро мўйна федерацияси, Европа Иттифоқининг чарм ва либослар дизайнерлари миллий ассоциациялари конфедерацияси (Cotance), Жанубий Африка пойабзал ишлаб чиқарувчилар уюшмаси, чарм, пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар миллий уюшмалари, кенгашлари бор. Шунингдек, бир қатор мамлакатларнинг мўйна ва пойабзал ишлаб чиқарувчилари кўргазма иштирокчиларидир.

Навбатдаги 14-кўргазмада 1000 дан ортиқ маҳаллий ва 100 га яқин хорижий компаниялар ўз стендлари билан иштирок этмоқда. Бу йилги кўргазмага ташриф буюриш мақсадида 5000 га яқин маҳаллий ва хорижий компания вакиллари ва иштирокчилар рўйхатдан ўтди. Кўргазма нафақат Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ва Евросиё қитъасининг ишлаб чиқариш салоҳияти билан таништиради, балки соҳа мутахассислари учун жаҳон бозорида рақобатбардош саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг замонавий тенденциялари ва йўналишлари, технологиялари ҳамда имкониятларини муҳокама қилиш, шунингдек, янги инвестицияларни жалб этиш, инновацион ғояларни татбиқ этиш, экспорт салоҳиятини ошириш учун кенг мулоқот майдонига айланди.

14-халқаро кўргазма дастури воқеаларга бойдир. “Ташқи бозорда чарм-пойабзал маҳсулотларини муваффақиятли сотиш имконияти: Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, берилаётган имтиёзлар, божхона, логистика, миллий бозор тамойилларига оид масалалар” мавзусидаги халқаро давра суҳбати, “Чарм-пойабзал бозори ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги ялпи мажлис, Ёш дизайнерлар ва мамлакатимиз корхоналари моделерларининг мода намойиши, чарм, пойабзал, савдо ва маркетинг соҳаларидаги халқаро экспертлар иштирокидаги семинарлар ва бошқалар шулар жумласидан.

Шунингдек, кўргазма доирасида турли давлатлар, айниқса Европа мамлакатлари билан маҳсулотларни етказиб беришни ошириш, халқаро сифат сертификатларини жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш, экспорт шартномалари, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, йўналишларида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Реклама ҳуқуқи асосида

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид