Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Оқ уй Афғонистондан қўшинларнинг олиб чиқилиши бўйича ҳисобот тайёрлади
Афғонистондаги бетартиблик учун айб АҚШ қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиш режасини тайёрламаган ва ўз қарорлари билан Байденнинг қарор қабул қилиш имкониятини «жуда чеклаб қўйган» Трамп маъмуриятида, дейилади ҳисоботда.
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти аввалги Доналд Трамп маъмуриятини 2021 йил августида АҚШ қўшинларининг Афғонистондан тартибсиз равишда олиб чиқилишига олиб келган жиддий назоратсизликларда айблади. Миллий хавфсизлик кенгаши бошчилигида турли разведка идоралари томонидан тайёрланган 12 саҳифалик махфий ҳисоботнинг қисқача мазмунига кўра, истеъфога чиққан Трамп маъмурияти фақат қўшинларни олиб чиқиш санасини белгилаган, аммо «уни амалга ошириш учун ҳеч қандай режа» тайёрламаган. Оқ уй 6 апрель, пайшанба куни ҳужжатни Конгрессга топширди.
Трамп шартлари Байденнинг қўшинларни олиб чиқиш жараёни қандай давом этиши ҳақида қарор қабул қилиш қобилиятини «жуда чеклаб қўйган». Ҳисоботда, шунингдек, аввалги президент АҚШ қўшинлари олиб чиқилгунга қадар Афғонистонда энг ноқулай кучлар мувозанатини яратганликда айбланади. Байден ҳокимият тепасига келганида, толиблар 2001 йилдан бери энг кучли ҳарбий мавқега эга эди, айни пайтда мамлакатда атиги 2500 нафар АҚШ аскари бор эди.
Ҳужжат муаллифлари бунинг сабабини Трампнинг толиблар билан 2020 йилнинг февралида имзолаган келишувига кўра, Қўшма Штатлар 2021 йилнинг майигача Афғонистондан барча аскарларини олиб чиқиб кетиши, толиблар эса АҚШ бўлинмалари ва уларнинг иттифоқчиларига ҳужум қилмасликка ваъда бергани билан изоҳлайди. Натижада, Америка ҳарбийларининг мамлакатдаги сони кескин камайди. Байден чиқиб кетиш муддатини 31 августга кўчиришга мажбур бўлди.
Ҳужжатда айтилишича, «тўрт йиллик эътиборсизлик ва баъзи ҳолларда атайлаб ёмонлашувдан сўнг» АҚШ қўшинларининг Афғонистондан тартибли равишда олиб чиқилиши учун зарур бўлган ҳукумат тузилмалари «ёмон аҳволда» эди. Толиблар ҳужумидан кейин афғон қуролли кучларининг бунчалик тез қулашини ҳеч бир махфий хизмат олдиндан била олмаган, дея таъкидланади ҳужжатда.