Жамият | 11:29 / 10.04.2023
10645
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 3 ойда тез ёрдамга қанча ёлғон чақириқ келиб тушгани маълум қилинди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2023 йилнинг ўтган уч ойи давомида тез ёрдам хизматига 893 та ёлғон чақириқ келиб тушган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу ёлғон чақириқларнинг энг кўп кўрсаткичи Тошкент вилоятида қайд этилган — 189 та. Кейинги ўриндан 154 та чақириқ билан Фарғона вилояти жой олган. Шунингдек, Қашқадарё вилоятидан 114 та, Тошкент шаҳридан 96 та ҳамда Навоий вилоятидан 84 та ана шундай мурожаат келиб тушган.

Энг кам ёлғон чақириқ эса ўтган уч ойда Самарқанд вилоятида рўйхатга олинган — 2 та.

«Баъзан 103 га қўнғироқ қилиб, беморни бошқа машинада касалхонага олиб кетиш ҳолатлари учрайди. Бундан ташқари, чақирув манзилини нотўғри бериш, устига-устак, тез ёрдам етиб борганида, эшикни очмаслик, телефон қўнғироқларига жавоб бермаслик каби нохуш вазиятлар ҳам такрорланиб туради», — дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази Тошкент шаҳар филиали директори Илҳом Асланов. 

Аслановнинг таъкидлашича, бундай вазиятлар тез ёрдам фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, шифокорларнинг белгиланган манзилга ўз вақтида етиб боришига тўсқинлик қилади. Шунга қарамай, асоссиз ва ёлғон чақириқлар статистикаси йилдан йилга камаймоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2023 йилнинг ўтган уч ойи давомида тез ёрдам хизматига 3 миллиондан ортиқ чақириқ келиб тушгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид