Жаҳон | 13:48 / 11.04.2023
31649
6 дақиқада ўқилади

Иллюзиями ёки илмий факт — вақт олдингига қараганда тезроқ ўтяптими?

Инсон ёши улғайгани сари доимий банд бўлиши ҳисобига худди ҳеч нарсага улгурмаётгандек, унинг вақти жуда тез ўтаётгандай туюлади. Болалигини эсласа, кун-у тунлар жуда узун бўлгандай хотирлайди. Бу бизнинг вақтга баҳомиз. Лекин илмий томондан ҳам вақтда қисқаришлар кузатиляпти: Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш муддати 24 соатдан миллисонияларга кам бўляпти.

Фото: KUN.UZ

Ҳеч эътибор берганмисиз, аксар ҳолатда катталар вақт тез ўтаётганидан нолийди. Баъзида инсон ҳаддан ортиқ банд бўлганда ростдан ҳам вақт шамолдай учиб ўтаётганга ўхшаб туюлади. Аслида ҳам вақт ўтиши тезлашганми ёки инсон олдингига қараганда кўпроқ бандми?

Миннесота университети хронобиологи Роберт Сотерн 48 йил давомида ҳар куни 5 ёки 6 марта 60 сониядан санаб чиқади. Ва 69 ёшга кирганда узоқ йиллик тажрибаларидан сўнг Сотерн аксар кишиларга ёши катта бўлиб боргани сари вақт тезроқ ўтаётгандай туюла бошлайди, деган хулосага келади. Бироқ унинг хулосаси тўла илмий далилланмаган.

Асл вақт ва хаёлимиздаги вақт

Инсоният вақтни қандай тушуниши турли усулларда ўрганилади. Олимлар инсон вақт ўтишини одамлар қандай баҳолашини ва вақтнинг ҳақиқатда соатда қандай ўтишини солиштириб кўришган. Шунингдек, улар биз вақтни қандай ҳис қилишимизни – тез ёки секин ўтаётганини англашимизни ҳам ўрганишади.

Бундан ташқари, инсон вақтни турли даврларга бўлиб, ўтмиш, бугун ва келажак сифатида хотирасига муҳрлайди. Гарчи вақт тезлиги ўзгариб қолмаса ҳам, биз хотирамизда унинг тезлашганлиги ҳақида иллюзия яратамиз.

Бироқ вақт иллюзиясини яратиш инсоннинг хронологик ёшига кўп ҳам боғлиқ эмас. 2005 йили ўтказилган тадқиқотлардан бирида 20 ёшдан 69 ёшгача бўлган 100 нафар иштирокчининг вақтни баҳолаш кўникмаси ўрганилган. Улар фақатгина стуллар ва секундомер мавжуд қоронғи лабораторияга жойлаштирилади ва орадан қанча вақт ўтганини тахмин қилишлари сўралади. Иштирокчиларнинг тахминлари ёшга қараб унча фарқланмайди. Эркаклар вақтнинг аслидагидан кўпроқ ўтганини, аёллар эса камроқ ўтганини айтишади.

Катталарнинг вақти бошқаларникидан тезроқ ўтмайди

Икки психолог – Уилям Фридман ва Стив Янссен бир-биридан мустақил ҳолда тадқиқотлар ўтказиб, вақтнинг тез ўтаётганини баҳолаш ёшга боғлиқмас, деган хулосага келади.

Психологлар фикрига кўра, инсон ўтмишига назар солганда ўша пайтлари вақт секин ўтгандай, ҳозир эса гўё тез ўтаётгандай тасаввур қилишади. Бу эса уларда вақт ўтиши ёшга қараб тезлашади деган ишонч шаклланишига сабаб бўлиши мумкин. Одамлар кичиклигида вақт қандай ўтгани ҳақидаги хотирани унутиб қўйишади холос. Бу уларга улғайганда вақт тез ўтаётгандай тасаввур беради.

Икки психолог бизнинг хотирамиз нега вақтни тез ўтаётгандай англашига оид бир қанча гипотезаларни яратишган.

Янги тажрибалар камроқ эсда қолади. Одам улғайгани сари эса бундай тажрибалар камроқ бўлади

Кишилар вақт оралиқларини ундаги қанча воқеани эслаб қолиш мумкинлигига қараб ўлчайди. Болалик илк марта велосипед ҳайдаш, биринчи дўстларни топиш каби турли янгиликлар ва тажрибалар билан тўла. Ва айни мана шунинг учун ҳам болаликни узоқ жараён сифатида мияга муҳрлаб қоламиз. Катта бўлган инсон эса янги тажрибаларни кўп қилмайди, кун тартиби одатий тизимга тушиб қолади. Бу ҳам вақт ўлчовини тасаввур қилишда аҳамиятли.

Қанчалик банд бўлсак, вақт шунча тез ўтишига ишонч

Бажариладиган ишларнинг кўплиги, уларнинг анчайин диққат ва куч талаб қилиши улғайган инсонларнинг ҳаётидаги одатий ҳаёт сифатларидан биридир. Инсон юмушлари кўплиги, лекин уларнинг ҳаммасини бажариш учун етарли вақт топа олмаётганини ҳис қилиши унинг худди вақт тез ўтаётгандай хаёлга боришига сабаб бўлади.

Ер шошиляпти

Инсон вақт қандай ўтаётганини англаши унинг ўзига боғлиқ ҳолда кечадиган тасаввур бўлса, бу тасаввурдан ташқари Ернинг ўз ўқида айланиш муддатида ҳам ўзгаришлар содир бўлмоқда.

Ер ўз ўқи атрофида 24 соат ичида, яъни 1,440 дақиқа, 86,400 сонияда айланиб чиқиши керак. Бу муддат Ерда бир сутка – бир кеча-ю бир кундуз ҳисобланади.

Ўтган йили 29 июлда Ер ўз ўқи атрофида одатий вақтга қараганда 1,50 миллисония қисқароқ вақт ичида айланиб чиққан. Бироқ бу шунчаки тасодиф эмас, 2020 йилнинг ўзида 28 та қисқа кунлар қайд этилган.

Бу вақт тушунчасига таъсир қиладими?

Бизда вақт мувофиқлаштирилган универсал вақтга қараб созланади. Универсал вақт эса Ернинг ўз ўқи атрофида айланиб чиқиш муддати асосида ҳисобланади. Ернинг ўқи атрофида айланиш тезлиги ошгани сайин Ер тезлигини кузатиб бориш ва уни синхронлаштириш учун 24 соатлик муддатдан тушиб қолаётган миллисонияларни ҳам вақтда акс эттириш керак бўлади.

Ҳозиргача энг охирги марта вақт яхлитлигини сақлаб қолиш учун 1970 йилдан 2016 йилгача “27 тушиб қолган сония” вақт ҳисобига киритилган.

Албатта, кичик миллисониялар биз учун унчалик аҳамиятли эмас. Бироқ аниқ вақт юқори сифатли технологиялар учун жуда муҳим, шунинг учун ҳам миллисониялар ҳам ҳисобланиб, улар тушиб қолган вақт сифатида умумий вақт ҳисобига киритилади.

Ернинг тезлашувига нима сабаб?

Ернинг ўз ўқи атрофида айланиш тезлиги ошишига сабаблар кўп бўлса-да, асосийлари баланд тоғ чўққиларида музликларнинг эриб бораётгани билан боғлиқ. Музликлар эригани сайин чўққиларнинг оғирлик ҳажми пасайган. Иқлим муаммоларидан ташқари Ернинг ички ва ташқи қатламлари ҳолати, океанлар ва сув тошқинлари билан боғлиқ жараёнлар ҳам бунга таъсир қилади. Бундан ташқари, “Чандлер чайқалиши” деган тушунча ҳам бор. Бунда тўлқинлар ўзгарганда ёки шамоллар сувни силжитганда ё зилзилалар содир бўлганда Ер ўз ўқи атрофида айланиши вақтида тебранишни бошдан кечиради ва у айланиш тезлигига таъсир қилади.

Мавзуга оид