Ўзбекистон | 19:22 / 15.04.2023
10192
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон жиноятчилик даражаси ўртача бўлган давлатлар рўйхатига кирди

Мамлакатда ҳар 100 минг аҳолига ўртача 33,42 та жиноят тўғри келади.

Ўзбекистон дунёда жиноятчилик даражаси ўртача бўлган давлатлар рўйхатига киритилди. Бу ҳақда World Population Review тақдим этган рейтингда айтилади.

Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишига ўртача 33,42 та жиноят тўғри келади ва бу кўрсаткич бўйича 136 та давлат ичида 99-ўринда қайд этилган.

Дунёда жиноятчилик даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторига Венесуэла (ҳар 100 минг кишига 83 та), Папуа-Янги Гвинея (80), Жанубий Африка (76), Афғонистон (76) ва Гондурас (74) киради. Улардан кейинги ўринларда Тринидад ва Тобаго, Гаяна, Салвадор, Бразилия ва Ямайка.

Марказий Осиё давлатлари орасида жиноятчилик даражаси бўйича Қирғизистон 31-ўринда, Қозоғистон 40-ўринда қайд этилган. Тожикистон ва Туркманистон бўйича маълумотлар йўқ.

World Population Review нашри Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Тайван, Мэн ороли ва Уммонни жиноятчилик даражаси энг паст, яшаш учун энг хавфсиз давлатлар деб топди. Улардан кейинги ўринларда Швейцария, Ҳонгконг, Япония, Словения ва Арманистон бормоқда.