Ўзбекистон | 12:49 / 20.04.2023
5985
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

18 апрель куни Самарқанд давлат тиббиёт университетида «Стоматология ва юз-жағ хирургияси таълим, фан ва клиник амалиётига замонавий ёндашувлар» мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Фото:  Самарқанд давлат тиббиёт университети

Ушбу Халқаро анжуман ишида Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва мамлакатимизни тиббиёт олий ўқув юртлардан 40га яқин профессор – ўқитувчилар ва 70дан ортиқ яқин талабалар иштирок этишди.

Халқаро анжуманнинг асосий мақсади — стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги, клиник амалиётига замонавий ёндашувларни, соҳа учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, ёш олим-тадқиқотчиларга кўмаклашишдан иборат бўлди. Конференция иши гибрид шаклда, офлайн ва онлайн тарзда олиб борилди.

Конференциянинг тантанали очилишида Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Стоматология ва юз-жағ хирургияси марказий тадқиқот институти директори Фёдор Лосев, В.И.Разумовский номидаги Саратов давлат тиббиёт университети ректори Андрей Ерёмин, Тошкент давлат тиббиёт институти ректори Нодир Хайдаров, Univet компанияси минтақавий директори Грегорио Cоccо ва бошқалар сўзга чиқиб, стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги амалиётига замонавий ёндашувларини, соҳа учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш учун халқаро алоқаларни ривожлантириш аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдиришди.

Ялпи мажлисдан сўнг халқаро анжуман иши хирургик стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги, терапевтик стоматология, ортопедик стоматология, болалар стоматологияси ва ортодонтия, ёш олимлар минбари шуъбаларда давом эттирилди. Айниқса ёш тадқиқотчиларнинг маърузалари анжуман иштирокчилари эътиборини тортди.

Халқаро анжуман доирасида Самарқанд давлат тиббиёт университети UNIVET Loupes SPA  компанияси, Х.М.Бербеков номидаги Кабардино-Балкария давлат университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Самарқанд ҳарбий госпитали билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Халқаро конференция билан бир қаторда шу куннинг ўзида “Стоматологияда эстетик реставрациялар маҳорати” талабалар Халқаро Олимпиадаси ҳам бўлиб ўтди. Мусобақаларда иштирок этган талабалар тест синовлари, оғзаки савол-жавоб ва амалий кўникмаларни бажариш бўйича ўзларининг билимларини синашдилар.

Самарқанд давлат тиббиёт университети томонидан ўтказилган «Стоматология ва юз-жағ хирургияси таълим, фан ва клиник амалиётига замонавий ёндашувлар» мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция ҳамда «Стоматологияда эстетик реставрациялар маҳорати» Халқаро Олимпиадаси республика ва минтақамизда соҳага оид илмий изланишларини ривожлантириш, илмий янгиликларни амалиётга жорий қилиш, ёш тадқиқотчилар ишига кўмаклашиш ва малакали тиббиёт кадрларни тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда республикамиз тиббиёт олийгоҳлари ва илмий текшириш марказлари халқаро алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

 Самарқанд давлат тиббиёт университети Матбуот хизмати 

Мавзуга оид