Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Якунда Путинга қамоқхонадаги ўрнимни бераман» — Иля Яшиннинг суддаги нутқи
19 апрел куни Москва шаҳар суди сиёсатчи Иля Яшиннинг Россия армияси ҳақидаги «фейклар»ни тарқатганликда айбланиб, 8,5 йилга қамалган ҳукми устидан берилган апелляцияни рад этди. Жиноят иши очилишига Яшиннинг YouTube ижтимоий тармоғида Бучада тинч аҳолининг ўлдирилиши ҳақидаги трансляцияси сабаб бўлган эди. Мустақил журналистлар томонидан олиб борилган текширувлар бу қотилликларда россиялик ҳарбийларнинг алоқадорлигини тасдиқлади. Судда видеоалоқа орқали иштирок этган Яшин Россия президенти Владимир Путинни «ҳарбий жиноятчи» деб атади. Meduza Иля Яшин нутқининг тўлиқ матнини келтирди.

Муҳтарам судьялар, ҳурматли тингловчилар.
2022 йил 9 декабрда мен ҳарбий цензура тўғрисидаги қонунга биноан ҳукм қилиндим. Ушбу қонун юридик кучга эга эмас ва Конституцияга зиддир. Аслида, бу президент Путин томонидан Украинага қарши бошланган уруш бўйича Россия расмийларининг позициясига очиқчасига қўшилмасликни ноқонуний тақиқлайди. Бу уруш БМТ резолюцияси билан мустақил давлатга қарши жиноий тажовузкорлик ҳаракати сифатида расман тан олинган.
Менга тайинланган ҳукм ҳайратланарли: Интернетда 20 дақиқалик нутқ учун саккиз ярим йил қамоқ. Қамоқхонада мен жиноятлари учун енгилроқ жазо олган кўплаб қотиллар, жинсий зўравонлар ва босқинчиларни учратдим. Алоҳида таъкидлайман — ҳақиқий жиноятлар учун, гапирган сўзлари учун эмас.
Менинг айбим нима? Мен рус сиёсатчиси ва ватанпарвари сифатидаги бурчимни бажарар эканман, бу уруш ҳақида ҳақиқатни рост айтдим. Ва, хусусан, Украинанинг Буча шаҳрида Путин қўшинлари томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар ҳақида гапирдим.
Мен панжара ортида ўтирганимга деярли бир йил бўлди. Бу вақт ичида бир нечта муҳим воқеалар содир бўлди. Биринчидан, Бучада содир бўлган воқеалар бўйича тўлиқ текширувлар ўтказилди. Россия қисмлари олиб чиқилгач, шаҳарда бутун дунёдан келган терговчилар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ишлади. Кўп сонли қабрлар ва тинч аҳолининг оммавий қабрлари топилди. Сунъий йўлдош тасвирлари, дронлардан олинган видеолар, мессенжерлар ва кўча кузатув камераларидаги хабарларга кўра, аскарлар томонидан ўққа тутилган ўнлаб оддий фуқаролар ҳаётининг сўнгги дақиқаларини тиклаш мумкин эди. Ўлганларнинг баъзилари қўллари орқаларига боғлаб қўйилган, аслида улар қатл қилинган.
Бучада бўлган рус ҳарбийларининг телефон суҳбатлари эълон қилинди. Улар ўз оилаларига қотиллик содир этганини айтиб, тинч аҳоли қирғинида қатнашгани учун ақлдан озишдан қўрқаётганидан шикоят қилишди. Бунга жалб қилинган бир қатор жангчилар ва қўмондонларнинг исм-шарифи ва чақирув белгилари аниқланди. Журналистлар уларнинг баъзилари билан боғланиб, деярли иқрор сўзларини эълон қилишди.
Бучадаги жиноятлар ушбу воқеаларга гувоҳ бўлган маҳаллий аҳолининг кўплаб кўрсатмалари билан тасдиқланган. Барча далиллар базаси ҳужжатлаштирилган ва, шубҳасиз, тез орада халқаро адлия органлари томонидан илгари суриладиган айбловнинг асосини ташкил қилади. Гарчи Россия расмийлари Бучадаги қирғин сохта экани ва ўликларнинг жасади актёрлар томонидан уюштирилганини таъкидласа ҳам, улар охир-оқибат жавоб бериши керак.
Мен қамалганимдан кейин содир бўлган иккинчи муҳим воқеа Владимир Путинни ҳибсга олиш учун Халқаро жиноий суд томонидан ордер чиқарилиши бўлди. Ғалати ҳолат, шундай эмасми? Путин — ҳарбий жиноятчи, панжара ортида эса мен – у бошлаган урушга қарши чиққан одам қоляпти. Муҳтарам судьялар, мени қамоқда қолдириб, унинг қилмишларига шерик бўлмаяпсизларми? Эҳтимол, бунга алоқам йўқ деб айтарсиз. Сиз қўлга қурол олмадингиз, шундай эмасми? Сиз қаердасиз ва уруш жиноятлари қаерда. Аммо Путин ҳам шахсан автоматни қўлга олиб югурмаган, аммо барибир у одил суддан яширинишга мажбур. Ва якунда мен унга қамоқхонадаги ўрнимни беришим ҳам истисно эмас.
Эътиборингизни Путиннинг нафақат Украинага, балки мамлакатимизга қарши жиноят содир этганига қаратмоқчиман. У ўз сиёсати билан миллий иқтисодиёт ва хавфсизликка зарба берди, Россияни жаҳон майдонида яккалаб қўйди ва ўн минглаб одамларимизни қирғинга жўнатди. Аммо бундан ҳам ёмони, у жамиятимизда зўравонликнинг тубдан кучайишига шароит яратди.
Фронтдан руҳи урушда шикастланган одамларнинг чексиз оқими келмоқда. Улар қурол ишлатишни ва ўлдиришни ўрганди, ўлим улар учун тақиқ бўлмай қолди. Афғонистон урушидан кейин Россияда қанчадан қанча уюшган жиноий гуруҳлар пайдо бўлганини кўрдик. Украинадаги қирғин бу кўламни сезиларли даражада оширади. Зотан, Санкт-Петербургда қурол билан боғлиқ жиноятлар сони икки баравар, Москвада эса уч баравар кўпайган. Бизни бундан ҳам каттароқ, даҳшатли зўравонлик ва дегуманизация кутмоқда. Владимир Путин булар учун мутлақ жавобгар.
Россия қонга бўкиб қолаётган бир вақтда суд менинг ҳукмим устидан апелляцияни кўриб чиқмоқда. Мен буни юмшатишнинг ягона йўли тавба қилиш, кечирим сўраш, оқни қора дейиш ва дўстларимдан бирини сотиш эканини жуда яхши тушунаман. Бу содир бўлмайди. Муҳтарам судьялар, сизларнинг олдингизда бўйин эгишни ва хор бўлишни хоҳламайман. Менинг виждоним тоза, шунинг учун тақдиримни хотиржам қабул қиламан.
Ҳокимиятни эгаллаб олган ўғри ва қотиллардан маънавий устунлик ҳисси менга куч беради. Улар мен қўрқмаслигимни билишади. Мен улардан қочмадим, раҳм-шафқат сўрамадим, уларнинг олдида ерга қарамадим. Менга куч-қувват бахш этаётгани эса, юртим олдидаги масъулият ҳиссидир.
Тарих миллари аёвсиз ва мен озод бўлганимдан сўнг, бу қонли ахлатни тозалашга мажбур бўлганлардан бирига айланишимни тушунаман. Мен путинизм харобаларида янги, эркин ва бахтли Россияни барпо қиладиганлардан бири бўламан.
Ва ишонинг: мен ватаним ва халқимга хизмат қилишга тайёрман.
Мавзуга оид
09:15 / 09.06.2026
Путин ва Нетаньяҳуга ордер берган прокурор вақтинча ишдан олинди
20:34 / 08.06.2026
Хоминаий ўлдирилгач, Россияда Путинни қўриқлаш учун яратилган кузатув тизими ўчириб қўйилди
20:04 / 08.06.2026
Киевга Зеленский билан учрашувга борган россиялик тадбиркор Роман Абрамович бўлиб чиқди
10:25 / 08.06.2026