Жаҳон | 08:14 / 29.04.2023
5701
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ўз фуқароларини Судандан ташкилий эвакуация қилишни бошлади

Дронлар назорати остидаги автобус карвони Хартумдан 300 га яқин АҚШ фуқаросини олиб чиқди, деб ёзади NYT. Суданда можаро авж олганидан бери кўплаб давлатлар ўз фуқароларини бу мамлакатдан эвакуация қилишни бошладилар.

Фото: CNN

Америка Қўшма Штатлари ўз фуқароларини Судандан ташкилий эвакуация қилишни бошлади, деб ёзади Американинг The New York Times (NYT) нашри 28 апрел, жума куни. Газетанинг ёзишича, автобус карвони Хартумдан 300 га яқин америкаликни Қизил денгизга олиб бориш учун жўнаб кетган. Транспорт ҳимоя қилиш учун қуролли учувчисиз учиш аппаратлари назорати остида. Бу эвакуация йўлидан БМТ ва бошқа давлатлар фойдаланади, дея қайд этади NYT.

Судандаги можаро авж олгандан бери бир неча юзлаб АҚШ фуқаролари ушбу Африка мамлакатини қуруқлик, денгиз ёки ҳаво орқали тарк этишди, деди АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Ведант Пател брифингда. Шу билан бирга, Вашингтон эвакуация йўлакларининг хавфсизлиги ва давомийлигини кафолатлай олмайди, дея қўшимча қилди расмий.

Баъзи давлатлар ўз фуқароларини Судандан олиб чиқишни анча олдинроқ бошлаган. Шу тариқа, Буюк Британия 25 апрелдан бери 1573 кишини эвакуация қилди, уларнинг аксарияти Британия фуқароларидир, дея хабар беради Лондон. Германия 700 дан ортиқ одамни, шу жумладан 200 га яқин немисларни Германия қуролли кучлари самолётлари билан эвакуация қилди. Франция 27 апрелгача 936 кишини эвакуация қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид