16:29 / 02.05.2023
36806

Ўқитувчилар ҳақидаги қонун лойиҳаси кун тартибига қайтди. Лойиҳа “қайчиланган” бўлиши мумкин

Педагогларга 5 йил эртароқ пенсияга чиқиш ҳуқуқини бериш, уларнинг уй-жой ва автомобил сотиб олишга сарфлаган даромадларини солиқдан озод қилиш, йилда бир марта соғлигини тиклаши учун базавий маошига тенг миқдорда моддий ёрдам бериш каби таклифлар қонун лойиҳасидан чиқариб ташланган бўлиши мумкин.

Фото: ЎзА

Ўзбекистонда “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси қайта жонланди. Бугун, 2 май куни Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилинди.

Кеча, 1 май куни лойиҳа Қонунчилик палатасидаги бир нечта партиялар фракцияларида ҳам кўриб чиқилиб, маъқулланган. Депутатлар бу ҳужжатнинг қабул қилиниши билан ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузи ошади, деб ҳисоблаяпти.

Қонун лойиҳасига киритилган, ҳозирча очиқланган нормалар қуйидагилар:

  • Ўқитувчи шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида, давлат божини тўлашдан озод этилади.
  • Педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш тақиқланади.
  • Илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига ўқитувчи-мураббийликни амалга оширувчи педагог ходим бириктирилади.
  • Давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимлар давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтади.
  • Педагог ходим касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмланади.
“Миллий тикланиш” фракцияси йиғилиши / Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

“Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг 2020 ноябр ойида жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган версиясида, қуйидаги таклифлар ҳам бор эди:

  • педагог ходимга умумий белгиланган ёшдан 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини бериш;
  • педагог ходим томонидан уй-жой ва автотранспорт воситасини харид қилиш учун унинг ойлик иш ҳақидан йўналтириладиган маблағларни даромад солиғидан озод этиш;
  • педагог ходимга 56 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил, шунингдек, таътил берилганида, календар йилида бир марта базавий лавозим маоши миқдорида соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам бериш;
  • педагог ходим базавий лавозим маошининг энг кам миқдорини белгилаш;
  • педагог ходимга кўп йиллик хизмати учун устама тўлаш тизимини жорий этиш;
  • олий маълумотга эга бўлмаган, аммо таълим ташкилотларида камида 5 йил иш стажига эга педагог ходимларни ОТМларга педагогика йўналиши бўйича имтиёзли асосда ўқишга қабул қилиш.

Бирламчи лойиҳада бўлган бу таклифлар ҳозир парламентда муҳокама қилинаётган лойиҳада борми ёки йўқ, бу ҳозирча маълум эмас.

Таъкидлаш керакки, мажбурий тиббий кўрик ўқитувчилар учун алоҳида имтиёз эмас: Меҳнат кодексининг 292-моддасига асосан, ҳар қандай соҳада ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш иш берувчининг зиммасига юклатилган. Мажбурий меҳнат ҳам Меҳнат кодекси ва Конституция билан аллақачон тақиқланган.

Ҳукуматга ишлаб чиқилган қонун лойиҳасини парламентга киритиш учун 2,5 йил вақт керак бўлгани эътиборга молик. 2022 йил феврал ойида, орадан шунча пайт ўтган бўлса ҳам, бу лойиҳа парламентга киритилмай қолаётгани ҳақида Kun.uz ўша пайтдаги адлия вазири Русланбек Давлетовдан изоҳ сўраган эди.

“Вазирлар Маҳкамасида турибди. Бу ерда қўшимча кафолатлар масаласида яна муаммо бўляпти, пул билан боғлиқ. Биласизлар, [педагогларнинг] ойлигини оширишга жуда катта эътибор бўляпти. Шунинг учун бу соҳага ҳар битта қўшимча эътибор маблағни тақозо қилади. 500 мингта ўқитувчи ишлайди, у масала пул билан боғлиқ бўлгани учун ҳозир Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқиляпти”, – деганди ўшанда адлия раҳбари.

Kun.uz аввалроқ ёзганидек, 2022 йилги давлат дастурига асосан, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойликларини минг долларга етказиш бўйича аниқ қадамлар белгиланиши керак эди. Бунинг учун 2022 йил сентябр ойигача муҳлат белгиланганди. Лекин бу борада бирор ҳужжат ёки ҳужжат лойиҳаси эълон қилингани йўқ. Маълумот учун, мактабларда ишловчи олий тоифали ўқитувчиларнинг улуши саноқли фоизларни ташкил этади (жами ўқитувчиларнинг тахминан 5 фоизгача қисми).

Ўқитувчилар ва шифокорлар маоши бошқа касблар билан таққослаганда энг кам эканини расмий статистика ҳам тасдиқлайди.

Шу билан бирга, уларнинг ўз касбий вазифаларига кирмайдиган ишларга мажбурлаш ҳолатлари ҳам тез-тез учраб туради. 2023 йил март ойида янги қонун қабул қилиниб, бунинг учун жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 33 млн сўмдан 49,5 млн сўмгача (100-150 БҲМ) жаримага сабаб бўлади. Худди шу қилмиш маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилса, бу жиноий жавобгарликка тортилади ва жазо 49,5 млн сўмдан 66 млн сўмгача жарима (150-200 БҲМ) ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларидан иборат бўлади.

Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда бу қилмиш учун фуқароларга 2,3 млн сўмдан 5 млн сўмгача (7-10 БҲМ) жарима, мансабдор шахсларга эса 3,3 млн сўмдан 6,6 млн сўмгача (10-15 БҲМ) жарима белгиланди. Бу қилмишни 1 йил ичида такроран содир этган мансабдор шахслар 5 млн сўмдан 6,6 млн сўмгача (15-20 БҲМ) жаримага тортилади ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олинади.

Шунингдек, 2023 йил 1 майдан кучга кирган янги таҳрирдаги Конституцияга ўқитувчилар ҳақида янги модда қўшилди. У қуйидагича икки банддан иборат:

  • Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
  • Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.
Top