Жаҳон | 13:53 / 03.05.2023
7890
2 дақиқада ўқилади

"Росгвардия" собиқ полковниги "фейклар" учун 6 йилга қамалди

Валерий Котович “ёлғон маълумот тарқатиш” моддаси бўйича олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.Унинг ҳамкасблари ўз раҳбарларига у гўёки Россия армиясини босқинчи деб атаганини айтишган, деб ёзади “Коммерсант”.

Валерий Котович / Фото: Коммерсант

Ростов-Дон шаҳридаги гарнизон ҳарбий суди Россия гвардиясининг собиқ полковниги Валерий Котовични хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда Россия Қуролли кучлари ҳақида “ёлғон маълумот” тарқатганликда айблаб, олти йилга озодликдан маҳрум қилди, деб ёзади “Коммерсант” газетаси 2 май, сешанба куни.

Котович унвонлари ва озодликка чиққанидан кейин уч йил давомида бир қатор лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Офицернинг бир нечта ҳамкасблари расмийларга у гўёки рус армиясини босқинчи ва тажовузкор деб атаганини айтишган.

Валерий Котович асли украиналик, деб ёзади “Коммерсант” иш материалларига таяниб. Қримдаги Украина ички қўшинларида хизмат қилган. 2014 йилда у Россия фуқаролигини олди ва Россия Федерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хизматига кирди. 2020 йилдан бери у Россия гвардияси бўлинмаларидан бирининг таъминот бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган.

У ўз айбига иқрор эмас, деб хабар берди суд матбуот хизмати “Коммерсант”га. Ҳукм ҳали кучга кирмаган, ҳимоячи апелляция берган.

Мавзуга оид